“Салафийлик” ибораси бугунги кунда кўп эшитилаётган сўзлардан бири. Салафийлик нима ўзи?
“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.
Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради.
Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир”(Имом Бухорий ривояти).
Уламолар мазкур ҳадисга асосланиб саодат асрида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу атама қўлланилмайди. Таъкидлаш лозимки, мазкур уч даврда яшаган барча инсонлар ҳам “салафи солиҳ”лар дейилмайди. Расулуллоҳ алайҳис салом вафотларидан сўнг турли фитначи, бузғунчи тоифалар чиқди. Уларга нисбатан “салафи солиҳ” ибораси қўлланилмайди.
Охирги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.
Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар. Уларнинг фикрича, салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотнинг турли шакллари авж олди. Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидадир, деб таъкидлайдилар.
Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алайҳис салом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».
Уламоларимиз: Пайғамбаримиз алайхис салом ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасидан яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръий ҳалолдир. Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир.
Абдулвосеъ Муродшаев,
Янгиқўрғон тумани “Абдуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби