Жамият аъзоларига муносабат

САФАР ОЙИ – ХОСИЯТЛИ ОЙ

САФАР ОЙИ – ХОСИЯТЛИ ОЙ

Ҳар қачоники  сафар ойи яқинлашиши билан одамлар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. 

Илоҳий таълимотда қазою қадарга имон келтириш Ислом динимиз асосларидан биридир. Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш, у бандага Аллоҳнинг иродаси билангина етади дейиш энг тўғри йўлдир. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Тағобун,11). 

 Шумланишлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак хадис шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”(Абу Яъло ривояти). 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб айтдиларки: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтларни ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш нотўғри” (Муттафақун алайҳ). 

Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай бемаъни фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. 

Бу ишларнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадис исботлайди: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтики хўроз қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлини сўранг, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради”. Вақтики эшакни ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки эшак шайтонни кўрганда ханграйди”, деганлар. 

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилиниши мақсадга мувофиқдир. Бу ой Исломда Сафар яхшилик деб номланиб, кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар

.Манбаларда  келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Билмаганларга бу уйни баракотини етказайлик. Халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди 

Халқимизда “Хайрли амаллар кечиктирилмайди”, деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган. 

Ҳақ таоло барчамизни ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!

Кенжабек  Солиев ,

Чуст туман "Ғойиб эронлар"  жоме   
масжиди и мом хатиби

Related posts