Рамазон 2026

РЎЗАДОР ЖАҲЛ ҚИЛМАСИН!

РЎЗАДОР ЖАҲЛ ҚИЛМАСИН!

Рўза — фақат оч қолиш эмас. У нафсни тарбиялаш, қалбни поклаш, ахлоқни юксалтириш мактаби. Агар катта инсон рўза тутиб туриб, асабийлашса, жаҳл қилса, бақирса, уни кўрган ёш боланинг қалбида қандай тасаввур пайдо бўлади?

“Рўза инсонни безовта қилади, у жаҳлдор қилади”, деган хулоса онгига муҳрланиб қолмайдими?

Шу боис рўза — нафақат қоринни, балки тилни, қўлни ва қалбни ҳам рўзадор қилишдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Сизларга тақво қилишингиз учун рўза фарз қилинди.” (Бақара сураси, 183-оят)

Оятдан кўриниб турибдики, рўзанинг мақсади — тақво. Тақво эса сабр, ҳалимлик ва назокат демакдир. Жаҳл ва асабийлик тақвонинг зиддидир.

Яна бир оятда: “Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозе билан юрадилар. Жоҳиллар уларга гапирса, «Салом», дейдилар.” (Фурқон сураси, 63-оят)

Рўзадор инсон айнан шу сифатга эга бўлиши керак — жаҳлга жаҳл билан эмас, салом ва сукут билан жавоб бериш.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Рўза — қалқондир. Қачонки сизлардан бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш сўз айтмасин ва жаҳл қилмасин. Агар кимдир у билан жанжаллашса ёки ҳақорат қилса, ‘Мен рўзадорман’, десин.” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Бу ҳадис очиқ далилдир: рўзадорлик жаҳл қилишга баҳона эмас, аксинча жаҳлдан сақловчи қалқондир.

Яна бир ҳадисда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк этмаса, Аллоҳ унинг оч ва чанқоқ қолишига муҳтож эмас.” (Имом Бухорий ривояти)

Демак, рўзанинг руҳи — ахлоқдир. Ахлоқсиз рўза — шакл бору, маъно йўқ ибодатдир.

 Болалар қалби — ойна

Бола — кузатувчи. У катталарнинг гапидан кўра, амалини тезроқ қабул қилади. Агар ота рўзадор бўлиб туриб, асабийлашса, она оғзидан қаттиқ сўз чиқарса, бола онгида шундай тенглама пайдо бўлади:

Рўза = жаҳл + безовталик

Бу эса ибодатга нисбатан совуқлик уйғотади. Кейин эса: “Мен рўза тутмайман, чунки рўза инсонни асабий қилади”, деган фикр илдиз отади.

Бу — катталарнинг беэътибор хатоси.

 Рўзанинг ҳақиқий меваси

Рўза инсонни мулойим қилади. Чунки у очлик орқали камбағални ҳис қилади. Чанқоқлик орқали неъмат қадрини билади. Сабр орқали қалбини юмшатади.

Агар рўза жаҳлни ошираётган бўлса, демак нафс ҳали тарбия топмаган.

Рўзадор инсон шундай дейиши керак:

Мен рўзадорман — демак, тилим пок.

Мен рўзадорман — демак, асабим қўлимда.

Мен рўзадорман — демак, боламга намунаман.

Хулоса

Рўза — асабийлик эмас, ором.

Рўза — жаҳл эмас, ҳалимлик.

Рўза — очлик эмас, тақво.

Катталар ўзини тута олмаса, ёшлар рўзадан узоқлашади. Аммо катталар сабр намунасини кўрсатса, болалар қалбида рўзага муҳаббат гуллайди.

Шунинг учун, азиз рўзадорлар!

Жаҳл келганда — сукут қилинг. Асаб қўзғалганда — “Мен рўзадорман”, деб нафсингизни босинг.

Чунки сиз нафақат ибодат қиляпсиз, балки келажак авлод онгига рўзанинг ҳақиқий маъносини ёзмоқдасиз.

Аллоҳ барчамизни сабрли, ҳалим ва тақводор рўзадорлардан қилсин.

Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани бош имом-хатиби

Related posts