Инсон ҳаётга келибдики, яхши яшаш учун меҳнат қилади. Шу меҳнати орқали ризқ топади. Аслида ризқ топиш, соғлом ҳолда меҳнат қилиш – катта имконият. Бироқ мана шу имконият ҳаммага ҳам берилавермайди. Кимдир дард, кимдир ногиронлик, кимдир мусибат ва бошқа сабабларга кўра ҳаётида, рўзғорида етишмовчилик, моддий ва маънавий кўмакка эҳтиёж сезади. Ана шундай ҳамюртларга эътиборли бўлиш, ёрдам қўлини чўзиш – чин маънода садақадир.
Динимизда ҳам ўзаро меҳрибонлик, сахийлик, қийналган кимсага ёрдам бериш ва ҳожатбарорлик каби хислатлар кенг тарғиб қилинади. Шу маънода Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини сифатлаб шундай деганлар: “Мўмин мўминга нисбатан бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Садақа – яхши амалларнинг энг улуғи. Роғиб Асфиҳоний айтади: «Садақа инсон ўз молидан қурбат нияти ила чиқарган нарсадир. Закотга ўхшаб. Аслида ихтиёрий мол чиқаришни садақа дейилади. Фарз мол чиқаришни закот дейилади. Гоҳида ҳар бир яхшилик ишни ҳам садақа дейилиши бор. Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади”. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Ва бирингизга ўлим келиб: «Роббим, агар мени озгина муддатга орқага сурсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам», демасидан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг» (Мунофиқун сураси, 10-оят).
Идрок қилмоқ керакки, куч-қувватнинг борида, молу-дунёнинг етарлигида ҳеч нарса хаёлга келмай, садақа қилишни эсга ҳам олмай, юриб-юриб, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлбориб: “Мени озгина муддатга орқага сурсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам”, дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, куч-қувватнинг борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайр-эҳсонни қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, солиҳ кимсалардан бўлиб олиш керак. Ана ўшанда ўлим элчиси келса, ҳеч нарсадан қўрқмай, ҳеч нарсага афсус қилмай кутиб олинади. Демак, вақтида Аллоҳ таоло берган ризқдан жойини топиб инфоқ қилиб қолиш керак. Кейин эса кеч бўлади.
Пайғамбиримиз саллалоҳу алайҳи васаллам боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида шундай деганлар: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)”. (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Садақа қилиш хоҳ ошкора бўлсин, хоҳ махфий бўлсин, доимо ўз эгасига фойда келтиради, унинг гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтадиларки: «Аллоҳ таоло ихтиёрий садақада махфийликни жорий қилган. Бу борада махфийси ошкорасидан етмиш марта кўп савобга эга бўлади. Фарз садақанинг ошкорасини махфийсидан йигирма беш марта афзал қилган».
Маълумки, одамнинг топган мол-мулкидан ўз ихтиёри билан бошқа кишиларга садақа қилиши осон эмас. Бунинг учун доимий равишда тарғибот олиб бориб, одамлар қалбидаги бахиллик, молга бўлган ҳирс ҳисларини йўқотиш керак бўлади.
Икримадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага:«Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар».
Дарвоқе, ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсонни икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради. Билиб-билмай қилган гуноҳларим-хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳғожларга садақа қилиб туриши керак.
Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш ҳам мўминнинг оғирини енгил қилишга киради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди)” (Табароний ривоят қилган).
Нафақат моддий ёрдам балки, маънавий ёрдамга муҳтожларни ҳам эътиборимиздан четда қолдирмаслигимиз керак. Қавму қариндош ва маҳалла-кўй ичида адашиб, нотўғри йўлларга кириб қолган кимсаларга ёрдам қўлимизни чўзиб, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким одамларни ҳидоят йўлига чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича савоб бўлади. Ким одамларни залолат йўлига чақирса, Унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади” (Муслим ривоят қилган).
Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, ҳар биримиз моддий ва маънавий кўмакда бардавом бўлсак, юқорида баён қилинган улкан савобларга эришамиз. Инсонларга манфаат етказиш бу – фақат ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган иш эмас. Балки жамиятимиз вакилларининг ҳар бири яхши ишда пешқадам бўлиши, ҳар бир шахс ўз имконияти доирасида ўзгаларга манфаат етказиши мақсадга мувофиқдир. Ана шунда жамият аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат ва дўстлик ришталари мустаҳкамланади, тинчлик ва аҳиллик қарор топади.
Мусохон АББАСИДДИНОВ,
Наманган вилояти Бош имом хатиби.