• Home
  • Рамазон 2025
  • РАМАЗОН ОЙИНИНГ БАРАКАСИ БАРЧАМИЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН
Рамазон 2025

РАМАЗОН ОЙИНИНГ БАРАКАСИ БАРЧАМИЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН

РАМАЗОН ОЙИНИНГ БАРАКАСИ БАРЧАМИЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИМИЗГА АЙЛАНСИН

Бу йил муқаддас Рамазон ойининг уйғониш, янгиланиш ва яшариш фасли бўлган баҳор билан ҳамқадам келиши жонажон мамлакатимизга ўзгача файз ва шукуҳ бағишлади. Ушбу фазилатли ойнинг юртимизда мул-кўлчилик ва баракали келиши бунёдкор халқимизнинг кайфияти ва ғайрат-шижоати яна бир карра ошишига хизмат қилди.

Муқаддас ислом динининг улуғ рукнларидан бўлган рўза ибодати Рамазон ойида очлик, ташналик, нафсни жиловлаш, сабр-қаноат билан мўмин киши Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилиши ва кўпроқ хайру эҳсон, меҳр-оқибат орқали ажру савоб олишида намоён бўлади.

Нега айнан Рамазон ойида мусулмонлар рўза тутади, мазкур ойнинг фазилати, ҳикмати нимада, каби саволларнинг жавоби ислом динининг муқаддас манбалари ҳисобланган Қуръони карим ва ҳадису шарифларда келтирилади.

Қуръони каримда: «Рамазон ойи одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара, 185), Қадр сурасида эса: «Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик» (1-оят) деб марҳамат қилинади.

“Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара,183) деб келтирилади.

Яъни, Қуръон гувоҳлик беряптики, Аллоҳ таолонинг Китоби аввал Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилинган ва бу Рамазон оқшомларидан бирида – Қадр кечасида содир бўлган. Қуръоннинг Ер юзига, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Бундан Қуръони каримнинг Рамазон ойида нозил бўлгани ва ушбу ойда мусулмонларга рўза тутиш фарз қилингани маълум бўлади.

Улуғларимиз таькидлаганларидек Рамазоннинг қирқдан зиёда фазилати борлигини санаб ўтишган. Жумладан, Рамазон тақво – ҳаромдан ҳазар қилиш  ойи бўлиб, мўмин кишига тақво малакасини бахш этади. Чунки бу ойнинг асосий хоссаси ҳисобланган рўза ибодатининг энг катта натижаси рўзадорда тақво сифатини ҳосил қилишдир. Шунинг учун Рамазонда Қуръон тиловати ва хатмига алоҳида эътибор берилади.

Рамазон саховат ойи бўлиб, ушбу ойда садақа ва хайру эҳсоннинг савоби янада кўп бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қадимдан исломнинг яна бир асосий рукни бўлган закот ибодатини Рамазон ойида адо этишга одатланган.

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ фурсатидир. Бу ойда ўзаро тортишиш, жанжаллашишлар бўлмайди. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ё ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз рўза тутган бўлса, шаҳвоний сўз ва амаллардан воз кечсин, бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман», десин», деганлар (Имом Бухорий ривояти)

Рамазон раҳмат ойидир. «Рамазонда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки бутун бир йилнинг раҳмат кунлари ҳисобланади (Имом Муслим ривояти)[

Рамазон мағфират ойи бўлиб, унинг ўртадаги ўн куни нафақат ойнинг, балки йилнинг «мағфират кунлари» ҳисобланади.

Рамазон истиғфор ойидир. Бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайди.

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, васвасалари чекланиб, инсонларга ўзини тарбиялаш имкони берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси қаттиқроқ бўлади. 

Рамазон  ҳаммамизнинг бир умрлик ҳаётимиз мазмунига  айлансин!

Рамазон ризқ-рўзга барака бериладиган ойдир. Ҳадиси шарифда: «У (Рамазон) мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир», дейилади. Чунки Аллоҳ таоло рўзадорнинг ушбу фарзни адо этиш чоғидаги очлик, ташналик каби азоб-уқубатларга сабри ва дуо-илтижоларига жавобан унинг ризқини, баракасини кўпайтиради.

Ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик ва тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш орқали унинг бунёдкорлик салоҳиятини халқаро миқёсда тинчлик ва ҳамкорликни таъминлашга йўналтиришни тақозо этмоқда.

Халқимиз ҳаёти ва маънавиятида ислом динининг ўрни беқиёсдир. Юртимиз мусулмонлари муқаддас ақидаларга амал қилиб, эзгу анъаналарни давом эттириб келмоқда . Бу йил ҳам маънавий поклик, хайру саховат айёми бўлган Рамазон ойи Ўзбекистонда анъанавий тарзда катта сурур билан кутиб олинди. Таровиҳ намози ва ундаги Қуръон хатми бутун мамлакат бўйлаб ягона тартиб қоида билан адо этилмоқда. Кўплаб масканларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, халқимизга осойишталик, файзу барака тилаб дуолар қилинмоқда. Жамиятда дўстлик, биродарлик, меҳр ва саховат ришталари кучаймоқда. 

Яратган барчамизни доимо яхшиликда саломат айласин. 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман "Ғойиб эронлар" жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts