Рамазон 2025

РАМАЗОН ОЙИ – ХАЙРУ САХОВАТ ОЙИДИР.

РАМАЗОН ОЙИ – ХАЙРУ САХОВАТ ОЙИДИР.

     Рамазон ойи – хайру саховат ойидир! Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

      “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят).

  Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб бериши мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади.Хайри-эҳсоннинг фойдаси нафақат бу дунёда балки, қабр ва қиёматда ҳам борлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).   эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” деганлар.(Имом Термизий ривояти).

  Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган бандалари бўйнида нисобга етган молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, хайр эҳсон қилишдан кўзланган асосий мақсад – жамиятда бир қадар тенглик пайдо қилиш, бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асраш ва яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир. Зеро Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

   Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўъминнинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким дунёда бир қийналган (биродари)нинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло уни дунё ва охиратдаги айбларини яширади.  Қайси бир банда биродарининг ёрдамида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унинг ёрдамида бўлади”, – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни ва яқинларимиз ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга файзу футуҳ ва баракотлар ёғилажак

Анвархон Садриддино в, 
Наманган шаҳар Хазрати Лангар ” жоме  
масжиди имом хатиби

Related posts