Жиноят ва қоидабузарлик

ҚУРБОНЛИК — ТАҚВО ВА ИТОАТ РАМЗИ

ҚУРБОНЛИК — ТАҚВО ВА ИТОАТ РАМЗИ

Қурбонлик — Ислом динининг буюк шиорларидан бири, Аллоҳ таолога бўлган итоат ва муҳаббатнинг амалий ифодасидир. Бу ибодатда нафақат жонлиқ сўйиш, балки мўмин қалбидаги тақво, ихлос ва бандачилик руҳи мужассамдир.

Қурбон ҳайити кунлари мусулмонлар ҳайит намозини адо этиб, Аллоҳ таолога шукрона сифатида қурбонлик қиладилар. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг буюк итоати ва ҳазрати Исмоил алайҳиссаломнинг таслимиятини ёдга солади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!”(Кавсар сураси, 2-оят)

Ушбу оят қурбонликнинг улуғ ибодат эканини кўрсатади.

Қурбонлик кимларга вожиб?

Ҳанафий мазҳабига кўра, қурбонлик қилиш қуйидаги сифатларга эга мусулмонларга вожиб бўлади:

мусулмон бўлиши;

оқил ва балоғат ёшига етган бўлиши;

муқим, яъни сафарда бўлмаслиги;

закот нисоби миқдорида мол-мулкка эга бўлиши.

Демак, қурби етган ҳар бир мусулмон бу ибодатни адо этиши лозим.

Қурбонлик вақти қачон?

Қурбонлик вақти Қурбон ҳайити куни тонг отиши билан киради. Аммо қурбонлик ҳайит намозидан кейин сўйилиши керак. Бу ҳақда Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу кундаги биринчи ишимиз ҳайит намозини ўқишдир. Сўнг қайтиб қурбонлик қиламиз. Ким шундай қилса, суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким намоздан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки аҳли учун тайёрлаган гўшт бўлади.” (Имом Бухорий ривояти)

Қурбонлик вақти ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботиши билан тугайди.

Қайси ҳайвонлар қурбонлик қилинади?

Қурбонлик учун:

қўй,
     эчки,
     мол,
     туя
     сўйилиши мумкин.

Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам қурбонликка ярайди. Қўй ва эчки бир киши номидан сўйилади. Мол ва туяга эса етти кишигача шерик бўлиш мумкин.

Аммо шерикларнинг барчаси қурбонлик ниятида бўлиши шарт. Агар улардан бири фақат гўшт учун шерик бўлса, қолганларнинг ҳам қурбонлиги дуруст бўлмайди.

Қурбонликнинг асл мақсади

Қурбонликдан мақсад — гўшт ёки қон эмас. 

Аллоҳ таоло банданинг қалбидаги тақво ва ихлосга қарайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳга уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин У Зотга сизлардан тақво етар.” (Ҳаж сураси, 37-оят)

Шунинг учун қурбонлик қилаётган инсоннинг нияти холис бўлиши керак. Бу амал риё учун эмас, фақат Аллоҳ розилиги учун бажарилиши лозим.

Қурбонлик — меҳр ва саховат мактаби

Қурбонлик мусулмон қалбида саховатни уйғотади. Унда инсон нафақат ўз оиласига, балки муҳтожларга ҳам улуш ажратади. Бу эса жамиятда меҳр-оқибат ва биродарликни кучайтиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи Қурбон ҳайити куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал қилмайди.” (Имом Термизий ривояти)

Қандай буюк фазилат! Демак, қурбонлик — Аллоҳга яқинлашишнинг улуғ василасидир.

Қурбонлик — оддий одат эмас, балки иймон ва тақвонинг нишоналаридан биридир. Ким бу ибодатни ихлос билан адо этса, нафақат савобга, балки қалб ҳаловатига ҳам эришади.
Аллоҳ таоло қилган қурбонликларимизни даргоҳида қабул айласин, қалбларимизни тақво билан безасин ва барчамизни Ўзининг солиҳ бандаларидан қилсин. 


Жаъфархон Суфиев,

Тўрақўрғон туман Исҳоқхон тўра жоме 
масжид имом хатиби

Related posts