Жамият аъзоларига муносабат

ҚУРБОНЛИК — ТАҚВО ВА АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК ИБОДАТИ.

ҚУРБОНЛИК — ТАҚВО ВА АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК ИБОДАТИ.

​«Қурбонлик» сўзи луғатда «яқинлик содир этиш», «яқин бўлиш» маъноларини англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ниятида Қурбон ҳайити кунларида махсус ҳайвонларни сўйишдир. Бу ибодат бандани Яратувчисига яқинлаштиради ва қалбидаги тақвосини намойиш этади.

​Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қурбонликнинг асл моҳияти гўшт ёки қон чиқариш эмас, балки қалбдаги тақво эканини баён қилиб, шундай марҳамат қилади: «Аллоҳга (қурбонликларнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин Унга сизларнинг тақвонгиз етар...» (Ҳаж сураси, 37-оят)

Оятнинг мазмуни: Бу оят бизга қурбонликнинг суратдан кўра сийрати, яъни ички мазмуни муҳимлигини ўргатади. Аллоҳ таоло биз сўйган жонликларнинг гўштига муҳтож эмас. Энг муҳими — банда бу ибодатни қай даражада холис ният, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва тақво билан адо этаётганидир.

​Қурбонлик кунлари бажариладиган бу амал Аллоҳ таолога энг маҳбуб ишлардан биридир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Одам боласи Қурбонлик куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал қила олмас. Албатта, у (қурбонлик қилинган ҳайвон) Қиёмат куни шохлари, туёқлари ва жунлари билан келади. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги олий мақомга етади. Шундай экан, қурбонликларингизни чиройли дил билан қилинглар». (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти)

​Ҳадиснинг мазмуни: Бу ҳадис қурбонлик қилувчи учун улуғ хушхабардир. Банда Аллоҳ йўлида фидо қилган жонлиқнинг ҳар бир туки, жуни ва аъзоси учун ажр-мукофот олади. Энг гўзал жиҳати — банданинг холис нияти ва қурбонлиги у ҳали ерга қон томизиб улгурмасидан туриб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қабул бўлади.

Қурбонликнинг Ижтимоий Фазилатлари

Қурбонлик фақатгина шахсий ибодат бўлиб қолмай, улкан ижтимоий аҳамиятга ҳам эга:
​Саховат ва Кўмак: Қурбонлик гўшти камбағаллар, муҳтожлар ва қўни-қўшниларга тарқатилади. Бу эса жамиятда моддий жиҳатдан қийналган инсонлар қалбига хурсандчилик олиб киради.

Жипслик ва Меҳр-Оқибат: Сўйилган гўштдан яқинлар, қариндош-уруғлар йўқланиб, ўзаро адоватлар унутилади, меҳр ришталари янгиланади.

Шукроналик: Бу ибодат бандага Аллоҳ берган неъматларнинг шукрини адо этиш имконини беради.
     Хулоса қилиб айтганда, қурбонлик — Иброҳим алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган улуғ суннатдир. Уни чиройли хоҳиш ва холис ният билан адо этиш ҳар бир қурби етган мўминнинг қалб гўзаллиги ҳамда Аллоҳга бўлган садоқати нишонидир.


Ҳабибулло Мўминжонов,

Косонсой тумани "Исломхон" жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts