Таълим тарбия

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚҚИ ВА ОДОБИ

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚҚИ ВА ОДОБИ

Муққаддас Ислом  дини  таьлимотида яна бир муҳим масалалардан бири бу қўшничилик одоби ва ҳақларидир. Аввало қўшни кимлар.

 Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳу алайҳ) дан қўшни ҳақида сўралганда у киши шундай жавоб берди. “Ҳовлининг олд томонидан қирқ ҳовли орт томондан қирқ ҳовли ўнг томондан қирқ сўл томондан қирқ ховлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланади”. Шундай экан қўшниларимиз ниҳоятда кўп эканлигини ҳам билиб олдик. Шу ўринда билишимиз лозим бўлган зиммамиздаги қўшнилар ҳақи ҳам бор. Буни қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз. Бир киши Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, “Ё Аллоҳнинг расули мен фалон маҳаллага жойлашдим, менга яқин қўшниларим қаттиқ азоб беряпти”, деди.

Шунда, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Алини розияллоҳу анҳу жўнатдилар. Улар масжид эшиги ёнида туриб, “Огоҳ бўлинглар, сизларга тўрт тарафдан қирқтадан ҳовли қўшни бўлади. Ким қўшнисини ёмонликлари билан қўрқитса, жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантиришди.

Қўшничилик одоблари-қўлдан келганча унга яхшилик қилиш, масалан хадялар бериш, кўрганда очиқ юзлик билан муомала қилиш, ахволидан хабар олиб туриш, иложи борича моддий ёрдам беришдан, агар моддий ёрдам қўлидан келмаса, унга озор берадиган ишларни қилмасликдан иборатдир. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам берган таълимотга кўра, қўшничиликда дин ва миллат танланмайди, барча тенгдир. Ушбу ибратли ҳадислардан  билинадики кўшниларимиз ким бўлишидан қатъий назар улар билан тинч осуда келишиб муроса билан ҳаёт гузаронлик қилмоғимиз мухимдир. Қўшнининг ҳаққи муҳим эканлиги  тўғрисида Расулуллоҳ шундай деган эканлар. Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшничиликнинг хақ ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқтирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим.

Доно халқимизда шундай мақоллар бор, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши”. Ота-боболаримиздан то бизгача давом этиб келаётган ажойиб ва савобли удумларимизга амал қилиб, қўшниларимиз билан таомларимиздан  улашиб туришимиз қўшниларимиз билан қўшничилик алоқаларини мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Қўшнилар олди бердиси тўғрисида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам “Қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ қуй ва қўшнингни оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тур”, деганлар. Бошқа бир ҳадиси муборакда, “Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши (чин) мўъмин эмасдир”, дедилар. Яхши қўшни бўлиш учун киши аввало яхши муносабатни, яхши муомалани йўлга қўйиши керак. Масалан, мусибат етганда мусибатига шерик бўлиб таъзия билдириш, хурсандчилик кунларида муборакбод қилиш, касал бўлганида бориб кўриш, ҳолидан хабар олиш, учрашганда эҳтиром кўрсатиш керак. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам “Қўшни ҳаққи нима эканини биласанми, агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса, қарз бериш, мухтож бўлиб қолса, егулик бериш, касал бўлса, бориб кўриш, унга яхшилик етса, қутлаш, мусибат етса таскин бериш, вафот этса жанозасига қатнашиш, унинг изнисиз ўз уйингни баланд қилиб қурмаслик, қозонда қовирилаётган таом ҳиди билан озор бермаслик (таомдан унга ҳам бериш)” деб марҳамат қилдилар.

Инсон қўшнисига озор бермаслиги, қўшнисидан етадиган озорларга сабр қилиши, унга эътиборли ва кечиримли бўлмоғи, иложи борича меҳрибонлик қилиши ҳам улуғ фазилатдир. Расулуллоҳга солаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар гуруҳи бир аёлни мадҳ қилиб мақташибди, “Бир аёл борки, кечалари бедор бўлиб намозлар ўқийди, кундузи рўза тутиб, садақа ва эҳсонлар қилади. Аммо қўшниларига тили билан озор бериб туради. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ундай аёл мақтовга сазовор эмас, балки у дўзах аҳлидандир, деган эканлар. Бундан шуни англаймизки, ислом динимиз аркону рукнларини бажарсак ҳам, тилимиз ва қўлимиз билан бировга озор берсак, қилган ибодатимизнинг заррача ҳам нафи тегмас экан.

Муқаддас динимизнинг, қўшничилик одобларига тарғиб қилишидан мақсад шуки, ер юзидаги барча халқлар тинч осуда яшаб боришга ундашдир. Аллоҳ барчаларимизни қўшниларимиз билан аҳиллигимизни таъминласин. 

Исмоил Абдураҳманов, 
Наманган шаҳар “Шодибек” жоме  
масжиди имом ноиби.

Related posts