Жамият аъзоларига муносабат

ҚАНОАТ ИНСОНГА БЕРИЛГАН БОЙЛИК

ҚАНОАТ ИНСОНГА БЕРИЛГАН БОЙЛИК

Дунё ҳаёти бир текисда давом этмайди; гоҳида хурсандчилик, гоҳида ғам-андуҳ, гоҳида бойлик, гоҳида эса камбағаллик алмашиб туради. Кимдур қийинчилик ва мусибатларни сабр ҳамда қаноат билан енгиб чиқса, базилар бу машаққатлар рўпарасида синиб қолади, умидсизликка тушади. Қаноат — битмас-тугалланмас бойликдир. Бундай беқаноатликка ечимни бизга севимли пайғамбаримиз Саллоллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар. У ҳам бўлса қаноатдир. Қаноат — Аллоҳ сенга тақсим қилган ризққа рози бўлишдир. Шунда инсон руҳан хотиржам бўлади, қалби тинчланади, нафси рози бўлади. 

Қаноатнинг зидди ношукрликдир. Ношукрликнинг келиб чиқиши — ўзгалардаги кичик неъматларни кўриб, ўзидаги катта неъматларни кўрмаслигидир. Ўзида йўқ неъматларни санаб юрган ҳолда, бор неъматларнинг шукрини қилмасликдир. Қўлидаги нарсага эмас, бировнинг қўлидаги нарсага қараш ўзидаги неъматлардан роҳатланиш лаззатини йўққа чиқаради. 

Бойнинг давлатига боқишдан аввал, одамлардан меҳр истаб тиланчилик қилиб ўтирган фақирга боқиш даркор. Бунинг устига бизга одамларнинг хурсандчилиги, ҳашамати ва бахти кўринади, лекин уларнинг ғам-ташвишлари, дардлари ва муаммолари кўринмайди. Гоҳида бойлик, мансаб ва обрў билан ҳам ечиб бўлмайдиган муаммолар бўлади. Бошқаларга берилган неъматларга қараш очкўзликка, қалбнинг касаллигига далолатдир. Аммо ҳаммасидан аввал бу иш Аллоҳга нисбатан одобсизликдир. Қаноатли кишилар одамлар кўзига бой кўринади, чунки улар одамлардан мол сўраб юрмайдилар. 

Чин солиҳ мўмин бу дунёда бой ёки камбағал ҳолда яшамасин, барибир унинг ҳаёти ўзига ёқимли ва мақбулдир. Бордию у фақирликда яшаётган бўлса ҳам, унда яна бир катта бойлик — қаноат борки, у туфайли ғам-ташвиш тортмайди. 

Базан инсон жуда бой бўлади, лекин очкўз ва ҳирсли бўлади. Унинг кўзи дунёга тўймайди. Бошқа бир инсон камбағал бўлиши мумкин, лекин Аллоҳ унинг қалбини бой, ҳимматини баланд қилган бўлади. Бу ҳақиқий бойликдир. 

Қаноат фақирлик дегани эмас. Бой инсонлар ҳам қаноатли бўлади. Ҳаром ишлар эса қаноатга зиддир. Савдода алдаш, одамларнинг ҳаққини ейиш бунга мисол бўлади. Қаноат жуда кўп қалб касалликларининг давосидир. Бугунги кунимизда ҳам қаноатга жуда муҳтожмиз. Аллоҳ барчаларимизга ва фарзандларимизга қаноат, шукр ва Аллоҳ берганига рози бўлиб яшайдиган бандалардан бўлишни насиб қилсин. 

Аъзамхон Исақов,
Наманган шаҳри “Ёқуббой ҳожи” жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts