Таълим тарбия

ҚАЛБ ОЙНАДИР — УНИ ПОКИЗА ТУТИНГ!

ҚАЛБ ОЙНАДИР — УНИ ПОКИЗА ТУТИНГ!

Инсон қалби худди топ-тоза ойнага ўхшайди. Ойна қанчалик тоза тиниқ бўлса, у атрофга нур сочади, ўзига тушган зулматни ҳам ёритувчи нурга айлантиради. Аммо унга ғубор қўнса, вақт ўтиши билан нурни ўтказмай қўяди...

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбнинг бу ҳолатини шундай тасвирлайдилар:
Банда бир гуноҳ қилса, қалбида қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, ундан қайтса, қалби яна сайқалланади (покланади). Агар гуноҳга қайтаверса, нуқта катталашиб боради ва ниҳоят қалбни қоплаб олади. Бу — Аллоҳ таоло Мутоффифийн сурасида зикр қилган зангдир: Йўқ! Уларнинг қилмишлари қалбларига занг бўлиб ўрнашди'. (Имом Термизий ривояти)

Қалбдаги занг ва ғубор — бу ғазаб, кибр, ҳасад, ғафлат ҳамда гуноҳлардир. Уларни ўз вақтида ювмасак, қалбимиз соғлом ишламайди, эзгуликни ҳис этмай қўяди. Гуноҳга одатланиб, кўникиб қолади. 

Қалбни бундай ғубор ва занглардан поклашда қуйидаги амаллар ёрдам беради: 
- ​Истиғфор ва тавба — қалбнинг энг биринчи поклайдиган ва енгил қиладиган амалдир. Чин дилдан иқрор ва пушаймонлик билан қилинган тавба — қалбдаги оғир юкни кўтаради, уни енгил ва хотиржам қилади.

-​Зикр ва салавот — Аллоҳни эслаш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ғамларни аритади, безовта қалбларга чексиз хотиржамлик бағишлайди.

-​Қуръон тиловати — Қуръоннинг ҳар бир ояти ғам ташвиш ва гуноҳлар найзасидан ярадор ва толиққан қалбларга малҳам бўлиб киради.

-​Кечиримлилик ва меҳр — қалбдаги адоват ва оғриқ ғуборларини ювиб ташлайди.

Тафаккур қилинг: "Кун"дан "Фаякун"гача бўлган йўл... 

Тасаввуф дарғалари, қалб табиблари бу борада бир ҳикматни таъкидлайдиларки, сиз ҳам унга бутун борлиғингиз билан тафаккур қилиб боқинг:

Инсон аввало қалб лавҳини гина, ҳасад ва ёмон гумонлардан батамом поклаб, унга фақат покиза мақсад, гўзал ният ва чиройли дуоларни битсагина, Меҳрибон Аллоҳ унга "Кун" ("Бўл!") деб амр қилади. Бас, ўшанда дуо ва ниятлар "Фаякун" ("Бўлади") — амалга ошади.

Пок бўлмаган лавҳга эзгулик нақшлари чизиб бўлмайди. Дуо ва ниятларимиз ижобат бўлишини истасак, аввал қалб ойнасини поклашимиз лозим.

Жаннат аҳлининг кўпчилиги қалбида ғаш ва ёмонлиги йўқ, содда ва беғубор инсонлардир.

Тафсир китобларимизда "Шуъаро" сурасидаги: Фақат  Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келганларгина мустасно (манфаат топадилар)  оятининг тафсирида ушбу ҳадисни келтирилади: Анас ибн Молик розияллоҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Жаннат аҳлларининг кўпчилиги балаҳ (яхшиликка эргашадиган ёмонликдан ғофил, узоқ) инсонлардир. 

Ҳа, яхши ният ва эзгу амаллар — қалбни соф тутувчи доимий василадир.

Қалбингизни ҳар куни тавба, истиғфор, Қуръон ва эзгу ният, эзгу амаллар билан ювиб туринг ва уни ҳамиша нурли сақланг! 

Манбалар асосида тайёрланди
Адҳамжон Абдураҳмонов
Поп туман Кичик Хўжаобод жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts