• Home
  • Раддия
  • ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМНИНГ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ.
Раддия

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМНИНГ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ.

ПАЙҒАМБАРИМИЗ АЛАЙХИССАЛОМНИНГ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш — мусулмонлар учун юракдан чиққан муҳаббат ва эҳтиром ифодасидир. Бу амал исломда севги, одоб ва суннатга эргашиш тимсолидир.

Бугунги кунда баъзи тоифалар Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг қабрларини зиёрат қилиш хақида турли гаплар айтаётганига гувоҳ бўламиз. Лекин ўтмиш уламолар, сахобалар ва хозирги замон солих уламолари бу амалда бардавом эканликларини кўрамиз. Хусусан: Имом Нававий ва Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳмо у зотнинг қабрларини зиёрат қилишга ижмо қилинганини келтиришган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади», деганлар.

Имом Байҳақий келтирган ривоятда: «Ким мени савоб умидида Мадинага келиб зиёрат қилса, қиёмат кунида менинг қўшним бўлади», деганлар.

Абу Авона келтирган ривоятда: «Ким савоб умидида Мадинага келиб мени зиёрат қилса, унинг учун қиёмат кунида гувоҳ ва шафоатчи бўламан», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади. Ким менинг қабримни зиёрат қилмаса, менга бевафолик қилибди», деганлар. Бу ривоят имкон бўлганда у зотнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳаракат қилиш лозимлигига далолат қилади. Ер юзидаги барча мусулмонларнинг амали ҳам бунга гувоҳдир. Бу мавзуга тегишли ҳадислар жуда кўп. Ривоятлар ҳам машҳурдир.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилдик» дейилишини ёқтирмас эдилар. Абу Имрон Фосий: «Имом Моликнинг ёқтирмаганига сабаб «фалончининг қабрини зиёрат қилдим» дейиш ҳаммага нисбатан айтиладиган гап бўлгани учун, чунки бу гапда Набий алайҳиссаломнинг бошқалардан фарқи, у зотнинг улуғлиги кўзга ташланмайди», дейди.

Хаж ёки умра ибодатини ният қилганлар ҳам Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг қабрларини зиёрат қилишлари афзал ва савобли ибодатдир. Фақиҳ Исҳоқ ибн Иброҳим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳажни ният қилганлар қадим замонлардан бери Мадинаи мунавварадан ўтишни одат қилган. Бундан мақсад Расулуллоҳнинг масжидларида намоз ўқиш, у зотнинг Равзаи муборакларини, минбарларини, қабри шарифларини, ўтирган, қўллари билан ушлаган, оёқлари билан юрган жойларни, Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келганда суянган устунларни кўриш билан барака умид қилишдир. Шу билан бирга, Масжиди набавийни обод қилган ва обод қилиш пайида бўлган саҳобалар ва мусулмонларни эслаш ва уларнинг барчасидан ибрат олишдир».

Ўзга инсон номидан Пайғамбаримиз алайхиссаломнинг қабрларини зиёрат қилиш асносида Пайғамбаримиз алайхиссаломга салом айтиш ҳам мавжуд.  Язид ибн Абу Саъид Маҳрий айтади: «Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. Хайрлашиб қайтаётганимда менга: «Сенга бир ҳожатим бор. Мадинага борганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдига бориб, у зотга мендан салом айт», деди.

Ибн Ваҳб келтирган ривоятда имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Набий алайҳиссаломга салом берганда дуо қилиб, юзини қабрга қаратади, қиблага эмас. Яқинлашиб салом беради, қабрни қўли билан ушламайди». Кўпчилик уламолар зиёрат қилувчи аввал у зотнинг қабрларига қараб салом бериб, сўнгра қиблага қараб дуо қилади, дейишган.

Нофиъ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ибн Умар Расулуллоҳнинг қабрларига юз ёки ундан кўп марта салом берганини кўрдим. Қабрларининг олдига келиб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бўлсин. Абу Бакрга салом бўлсин, Отам(Умар)га салом бўлсин» деб қайтиб кетар эди»


Манбаълар асосида тайёрлади
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме 
масжиди имом ҳатиби.

Related posts