Одам боласи борки хато ва гуноҳ, айб-у нуқсонлардан ҳоли эмас. Фақат пайғамбарларгина гуноҳ ишлардан маъсумдирлар. Шундай бўлгач, банда гуноҳга йўл қўйдим, энди Аллоҳ мени кечирмаса керак, деган нотўғри хаёлларга бормаслиги, ҳамиша Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор ҳолда яшаши керак. Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, мағфирати беқиёс, У Зот агар бандаси ширкка бормаган бўлса, унинг денгиз кўпигича кўп гуноҳи бўлса ҳам кечишига умид қилинади.
Биз мўминлар шундай саодатли умматмизки, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини кенг қилиб, мағфират эшикларини биз учун очиб қўйган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади. Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига шундай амр қилган:
“Менинг ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади”, деб айтинг” (Зумар, 53).
Ушбу оят маъносига кўра, банда билмай туриб бирон гуноҳ иш қилиб қўйиб, кетидан чин дилдан истиғфор айтса ва ўша ишни қайта қилмасликка қатъий қарор қилса, гарчи унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у банданинг гуноҳларини Ўз раҳмати ила кечириб юборади. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати кенгдир.
Абу Саиддан ривоят қилинади: “Ваҳший мусулмон бўлганида Аллоҳ таоло “улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмайдилар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар” оятини нозил қилди. Шунда Ваҳший ва унинг ҳамроҳлари: “Биз олдин бу гуноҳларнинг ҳаммасини қилганмиз-ку?!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини нозил қилди” (Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).
Бошқа бир ояти каримади Аллоҳ таоло айтади: «Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини изланглар ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур». (Юсуф сураси, 87-оят)
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир киши - Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, фалончини Аллоҳ таоло кечирмайди, деди. Шунда Аллоҳ таоло: Ким у Менинг номимдан фалончини кечирмаслигимга қасам ичаётган. Билиб қўйки, Мен уни кечирди ва сенинг амалларингни бекор қилдим, деб айтди” (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиснинг маъносидан бир нечта муҳим масалалар келиб чиқади:
Биринчи: Мусулмон киши ҳеч қачон бирор кимсага гарчи ҳазиллашиб бўлсада, Аллоҳ сени ҳеч қачон кечирмайди, Аллоҳ сени жаннатга киргизмайди, Аллоҳ сени дўзахга солади, деб қатъий қасам ичиб айтиши жоиз эмас. Чунки, бундай дейиш Аллоҳнинг номидан, ўзига маълум бўлмаган гапларни гапириш ҳисобланади. Биз бирор кимсани Аллоҳнинг раҳматидан ноумид деб ҳукм қилишими жуда катта хатарга олиб келади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда: Зайд ибн Аслам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ўтган умматларда бир киши жуда кўп ибодат қиларди, ҳатто ўзига оғир ҳам қилиб қўярди. Аммо ваъз-насиҳат қилса, одамларни Аллоҳ таоло раҳматидан нумир қиларди. У вафот этди ва: “Эй Парвардигор, мен учун Сенинг ҳузурингда нима бор?” деди. У Зот: “Жаҳаннам”, деди. Шунда банда: “Шунча қилган ибодатим ва ҳаракатларим қаерда қолди?!” деди. Шунда унга: “Сен одамларни Менинг раҳматимдан ноумид қилардинг. Бугун Мен ҳам сени раҳматимдан ноумид қилман!” дейилди” (Абдураззоқ ва Ибн Мунзир ривояти).
Хулоса ўрнида шуни айтамизки: Агар киши бирон маъсият ишни қилиб қўйгач, афсус-надомат чекса, Аллоҳ ана ўша бандани яхши кўради, гуноҳини тан олмай, кибр-ҳаво қилган кимсалардан эса ғазабланади.
Демак, бизлар биринчи навбатда, Аллоҳ таолога осий бўлмасликка ҳаракат қилишимиз, агар ногаҳон шундай ҳолат юз берган тақдирда дарров Улуғ ва Меҳрибон Парвардигоримизга илтижо қилиб, хатоларимизга пушаймон бўлишимиз лозим экан. Шунда ҳам гуноҳлардан фориғ бўламиз, ҳам Аллоҳнинг розилигига эришамиз.
Муҳаммад Айюб Фахриддинов,
Давлатабод тумани "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме
масжиди имом ноиби