Жамият аъзоларига муносабат

ПАЙҒАМБАР САЛЛАЛОХУ АЛАЙХИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ.

ПАЙҒАМБАР САЛЛАЛОХУ АЛАЙХИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ.

Бизга ислом динининг таълимотини бериб, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиққан зот – пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг энг суюклик бандасидир.  Аллоҳ таоло бандаларига тўғри - ҳидоят йўлини кўрсатиш ва залолат йўллардан қайтариш мақсадида бу зотни элчи қилиб юборган. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш фазилатли ва савобли амалдир. Салавот араб тилида “салот” сўзининг кўплик шакли бўлиб, дуо маъносини англатади. У зотга салавот айтиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб, 56-оят). Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлари, шунингдек, Аллоҳ таоло мўъминларни ҳам Набий алайҳиссаломга салавот айтишга буюриши, бу ишнинг қанчалик муҳим ва фазилатли амал эканига далолат қилади. Бундан ташқари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан салавот айтишнинг фазилати борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Қуйида шу ҳадисларда баён қилинган фазилатлар ҳақида сўз юритилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга битта салавот айтган кишига Аллоҳ таоло томонидан ўнта салавот айтилиши, ҳамда унинг ўнта гуноҳи ўчирилиши ва унинг учун ўнта даража кўтарилиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган). 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтган киши жаннатда у зотга яқин ўринда бўлиши. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, уларнинг менга кўп салавот айтганларидир”, дедилар (Термизий ривоят қилган). 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишлик дуоларни ижобат бўлишига сабаб бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган ҳолатларида мен намоз ўқидим. Ўтиргач, аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтдим. Кейин ўзим учун дуо қилдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўранг бериласиз, сўранг бериласиз”, дедилар (Термизий ривоят қилган). Яна бир ҳадисда шундай дейилган: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, дуо ер ва осмон ўртасида мавқуф (тўхтатилган) бўлиб туради. То Набиййинга салавот айтмагунингча, ундан бирор нарса кўтарилмайди”, деди (Термизий ривоят қилган). 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишган киши охиратда у зотнинг шафоатларига ҳақли бўлиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Рувайфаъ ибн Собит ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Муҳаммадга салавот айтиб: “Аллоҳумма анзилҳул мақъадал муқорраба индака явмал қиямати” (Эй, Аллоҳ! Қиёмат куни уни ҳузурингдаги муқарраб жойга туширгин)” деб айтса, унга шафоатим вожиб бўлади”, дедилар (Аҳмад ривоят қилган). Юқоридаги ҳадисларда салавот айтган кишининг фазилатлари зикр қилинди. Қуйидаги ҳадисларда эса, салавот айтмаган кишининг аҳволи ҳақида баён қилинган: Салавот айтмаган кишининг хор бўлишлиги. Бунга ушбу ҳадис далил бўлади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинсаму менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унга Рамазон ойи кириб келса сўнгра у мағфират қилинмасидан олдин Рамазон ойи охирига етиб бўлган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унинг ҳузурида ота онаси ёки икковидан бири кексаликка етиб, иккови уни жаннатга кирита олмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)”, дедилар (Термизий ривоят қилган). Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмаган киши бахил деб аталиши. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг ҳузурида мен зикр қилинганимда менга салавот айтмаган киши бахилдир”, дедилар (Термизий ривоят қилган). Барчаларимиз оламлар сарвари Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини янада кенгроқ ўрганишимиз, ҳар куни, ҳар бир амалимизда у зотга эргашмоғимиз ва суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилмоғимиз ҳамда ул зоти муборакка кўплаб салавотлар айтиш орқали ўз муҳаббатимизни изҳор қилишимиз лозим бўлади. 

Робиъу-л-аввал ойида “мавлуду-н-набий” маросимларини ўтказиш ва у зоти шариф ҳақларига дуои саловатлар ўқиш дунё мусулмонлари орасида кенг тарқалган. Мавлуду-н-набий учун ислом уламолари томонидан махсус китоблар ҳам тасниф этилган. Шундай китоблардан бири XIII асрда яшаб ўтган араб олими Имом Жаъфар Барзанжийнинг қаламига мансуб “Мавлуду-ш-шариф” китобидир. Китоб наср ва назм шаклида бўлиб, уни уламолар ёддан билганлар ёки саводхонлар мажлисларда ўқиб берганлар. Лекин туркий халқларнинг кўпчилигига араб тилидаги ушбу “Мавлуду-ш-шариф” маъноларини тушуниш машаққат туғдирган. Шунинг учун улар аксарият ҳолларда Аҳмад Яссавийнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги ҳикматларини, Пайғамбаримиз тарихи ҳақидаги ривоятларни ва Пайғамбаримизга саловатлар айтиб, туркий тилдаги назмий мавлудларни ўқишган. Туркий аҳоли ўртасида Хилватий қаламига мансуб назмий мавлуд кенг тарқалган. Бу китоб халқ орасида “Мавлуду-н-набий” ва “Мавлуди шариф туркий” номлари билан тилга олинади. Аммо ҳозирги кунда мазкур маросимга қарши туриб, уни бидъатга чиқарадиган кишилар ҳам мавжуд. Биз Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам сабабли жаҳолатдан маърифатга, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга мушарраф бўлдик.  Ул зоти муборак сабаб иймон билан зийнатланиб, мўмин деган сифатга лойиқ бўлик. Демак, биз мусулмонлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини, суннатларини урганишликни бир байрам сифатида нишонлашимиз ҳамда у зоти шариф номларига ҳурмат кўрсатиб, салоту саломлар айтмоқлигимиз шариатга ҳеч қандай хилофлик томони йўқ, аксинча, бунга Аллоҳ таоло ва Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам томонидан тарғибу ташвиқ қилинган. мавлуд ўқишдан асосий мақсад Пайғамбаримиз Муҳамад саллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва салом айтишдир. Шу боис, ҳар йили Робиъу-л-аввал ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли барча масжидларда Пайғамбаримиз Муҳамад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари алоҳида эътибор ила кенг миқёсда нишонланиб, жойларда мавлуд маросимлари ўтказилади. Мавлуд ўтказиш мақсадларидан яна бири кенг жамоатчиликка башариятга юксак намунани тақдим қилган зот Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга дуруд салавотлар йўллаш, у кишининг тарихлари, хулқу сийратлари ҳақида маълумот олишдир.Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, салавот айтиш жуда ҳам фазилатли амал бўлиб, бу сабабли инсон кўп савобларга эришади. Энг муҳими, қиёматда пайғамбаримизнинг шафоатларига ҳақли бўлади. Шунга кўра, инсон салавот айтишни ўзига одат қилиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Манбалар асосида тайёрланди.

Раҳматуллоҳ Мирсайдуллаев,

Наманган шахар “Мулла Исмоил” жоме 
масжиди имом-ноиби.

Related posts