Таълим тарбия

ОТА-ОНАЛИК МАСЪУЛИЯТИ ВА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

ОТА-ОНАЛИК МАСЪУЛИЯТИ ВА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Фарзанд — Аллоҳ таолонинг бандасига инъом этган бебаҳо неъмати ва улкан омонатидир. Ҳар бир инсон Ушбу неъматга ношукрлик қилмаслиги ҳамда Яратганнинг омонатига хиёнат этмаслиги шарт. Фарзанд дунёга келган илк лаҳзалардан бошлаб уни гўзал ахлоқ билан тарбиялаш, соғлом ўстириш ва ҳар томонлама муҳофаза қилиш ота-онанинг бош вазифасига айланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак ҳадисларидан бирида: «Фарзандларингизга одоб беринг ва одобларини чиройли қилинг», деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини бола тарбиясига ўта синчковлик ва жавобгарлик билан ёндашишни буюради. Ота-она ўз фарзандининг инсонлар билан хушмуомалада бўлиши, ростгўйлик, омонатдорлик, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат кўрсатиш каби олийжаноб фазилатларни эгаллаши учун масъулдир. Шу билан бирга, фарзанднинг ёмон хулқ, уятли сўзлар, қабиҳ ишлар ва зарарли одатлардан пок бўлишини таъминлаш ҳам уларнинг зиммасидадир. Боланинг юриш-туриши ва кийиниш одобларида ёт маданиятларга кўр-кўрона тақлид қилишининг олдини олиш, унда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурматни шакллантириш ҳам зарур.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фарзандларингиз ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг», деганлар. Ушбу масъулиятни ҳис этган ҳолда, ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиши ва ҳар қандай шароитда ҳам уларнинг соғлом ҳамда ахлоқли бўлиб вояга етиши учун вақт ажратиши лозим. Чунки фарзанддаги бадхулқлик ва унинг нохуш оқибатлари учун, аввало, ота-она жавобгар бўлади ва унинг озорларидан ҳам энг кўп азият чекадиган ота-онанинг ўзидир.

Собит Баноний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бир ўринда бир киши отасини ураётганини кўриб, одамлар: “Бу нима қилганинг?!” дейишди. Шунда отанинг ўзи: “Унга тегманглар, мен ҳам вақтида отамни айнан шу жойда урган эдим. Бугун ўғлимдан калтак еб, ўша қилмишимнинг жазосини топяпман. Бу хатти-ҳаракати учун ўғлимни айбламанглар”, деди». Ота-оналар келажакда шу каби аянчли ҳолатларга тушмасликлари учун фарзанд тарбиясини ёшликдан чиройли тарзда йўлга қўйишлари керак. Зеро, тарбияга эътиборсизлик нафақат фарзанднинг, балки ота-онанинг ҳам икки дунёдаги нажотига таҳдид солади.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Фарзанднинг ота-она устидаги ҳаққи учтадир: туғилганда чиройли исм қўйиш, ақли киргач илм-маърифат ўргатиш ва балоғатга етганда уйлантириш (турмушга бериш)», деганлар.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига бир киши ўғлини етаклаб келиб: «Эй амиралмўминин, бу ўғлим менга оқ бўлди», деди. Ҳазрат Умар йигитга қараб: «Отангга оқ бўлишдан, Аллоҳдан қўрқмайсанми?» дедилар. Шунда йигит: «Эй амир! Фарзанднинг отада ҳеч қандай ҳаққи йўқми?» деб сўради. Ҳазрат Умар: «Мутлақо бор!» деб юқоридаги учта ҳақни санаб ўтдилар. Йигит эса: «Аллоҳга қасамки, отам менга Жуъал (хунук ҳашарот/кўршапалак маъносида) деб исм қўйди ва мен тенгқурларим орасида доимо масхара бўлиб келдим. Отам менга Қуръондан ва илмдан бир оят ҳам ўргатмади. Тенгдошларим бир неча фарзандли бўлишса ҳам, мени уйлантирмади. Отам ўз зиммасидаги бурчларнинг бирортасини бажармади», деди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) боланинг отасига юзланиб: «Ўғлим оқ бўлди дейсан, аслида ундан олдин ўзинг уни оқ қилибсан! Мендан узоқлаш!» деб уни ҳузурларидан ҳайдаб юбордилар.

Бу воқеа шуни кўрсатадики, фарзанддан оқибат, ҳурмат ва эҳтиром талаб қилишдан олдин, ота-она ўз бурчини сидқидилдан бажариши лозим. Соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш — нафақат бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг келажагини таъминлайдиган энг эзгу ишдир.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Юнусхон Умаров,
Косонсой тумани “Садпири Комил” жоме
масжиди имом-хатиби 

Related posts