Жамият аъзоларига муносабат

ОТА-ОНА – ҲАЁТИМИЗНИНГ ЭНГ ҚАДРЛИ ИНСОНЛАРИ.

ОТА-ОНА – ҲАЁТИМИЗНИНГ ЭНГ ҚАДРЛИ ИНСОНЛАРИ.

Инсон дунёга келганидан то вояга етгунигача ота-онаси меҳри ва ғамхўрлигига муҳтож бўлади. Улар фарзандини барча қийинчиликларга қарамай, оғриғи-азобини бўлишиб, унга ҳаёт бахтини тилаб, унинг йўлида ўз бахтларини ҳам фидо қилишга тайёр бўладилар. Шу боис, ота-она ҳар бир инсон ҳаётида алоҳида эъзозга сазовор зотлардир.

Ота-она муҳаббати – туғма ва муқаддас туйғу.

фарзанд учун дунёда энг соф ва бетакрор муҳаббат – бу ота-онанинг муҳаббатидир. У туғма, манфаатдан холи ва доимийдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-она фарзандининг яхшилигини истайди, унинг муваффақиятидан қувонади, камчилигидан изтироб чекади.

Ота меҳри – иноят, тарбия ва масъулият тимсоли бўлса, она меҳри – бағрикенглик, кечиримлилик ва беқиёс муҳаббат манбаидир. Инсон ҳаётидаги барча фазилатлар, меҳр-шафқат, сабр-қиймат, ҳалоллик каби инсоний хислатлар аввало ота-онанинг тарбияси орқали шаклланади.

Исломда ота-онанинг ўрни.

Ислом динида ота-онага эҳтиром ва хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун олий бурч саналади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

"Раббинг фақат Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онангга яхшилик қилишингни буюрди." (Исро сураси, 23-оят)

Бу оятда Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда ота-онага яхшилик қилиш амри зикр қилинган. Бундай ёндошув ота-онанинг Исломда нечоғлик юксак мақомга эга эканини кўрсатади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса шундай дедилар:

 "Жаннат оналар оёғи остидадир." (Имом Насоий ривояти)

Яъни, онага хизмат қилиш, ундан розилик олиш орқали жаннатга муносиб бўлиш мумкин. Шунингдек, ота-онанинг дуоси фарзанд учун дунё ва охиратдаги энг катта йўл очувчи барака ҳисобланади.

Ота-онани қадрлаш – фарзандлик бурчи.

Ҳар бир фарзанд ота-онасига нисбатан масъулдир. Уларга яхши муомалада бўлиш, хизмат қилиш, қадрлаш, кексайганда парвариш қилиш фарзандлик бурчидир. Фақат байрам ёки маълум кунларда эмас, ҳар куни уларга яхши сўз айтиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, яхши дуоларини олиш – бу ҳар бир инсоннинг вазифаси бўлиши керак.

Баъзан фарзандлар ўз ҳаётлари, ишлари билан банд бўлиб, ота-онасини унутиб қўяди. Лекин улар доим фарзандлари ҳақида ўйлайди. Шунинг учун тирикликда қадрлаш, эзгу хизмат қилиш, эҳтиром кўрсатиш жуда ҳам муҳим.

Хулоса:

Ота-она инсон ҳаётидаги энг азиз, энг улуғ зотлардир. Уларнинг дуоси, тарбияси ва меҳнати орқали инсон ҳаётда ўз ўрнига эга бўлади. Шу боис, ота-онага ҳурмат қилиш, уларни ранжитмаслик, доим қадрлаш, хизматларини унутмаслик ҳар бир инсоннинг вожиб вазифасидир. Улар биз учун фақат ота-она эмас, балки дунё ва охират саодатига элтувчи буюк неъматдирлар.

Жобирхон Рашидов,
Наманган шаҳар Ҳазрати Лангар жоме
масжиди имом ноиби.

Related posts