Бир мамлакат подшоҳи аскарларига юртдаги кексаларни ўлдиришга амр қилди. Бир йигит отасини жуда яхши кўрар эди. Подшоҳнинг буйруғини эшитгач отасини уйнинг остидаги ҳеч ким билмайдиган хонага яшириб қўйди. Аскарлар келиб уйни тин-тув қилиб, ҳеч кимни топа олмадилар. Орадан бир неча кун ўтиб, подшоҳ жосус ва хоинлар ёрдамида ўша уйда отахоннинг яшириб қўйилганини билиб қолди. Подшоҳ отасини яширган ўғилни қамоққа қамаш, отахонни қатл қилишдан олдин ўғилни синаб кўришга қарор қилди ва аскар юборди. Аскар келиб: «Эртага тонгда подшоҳ сени уловга минган ва шу билан бирга пиёда ҳолда ҳузурига боришингни истаяпти», деди.
Йигит бундай шартдан ҳайрон бўлиб отасининг ёнига борди ва подшоҳнинг талабини унга айтди. Отахон табассум қилиб: «Катта бир асо олиб кел! Подшоҳнинг олдига шу асога миниб пиёда борасан», деди.
Ўғил отасининг тавсиясига мувофиқ подшоҳнинг олдига борди. Подшоҳ йигитнинг заковатига қойил қолди.
Подшоҳ унга: «Эртага тонгда менинг олдимга оёқ кийимингни кийиб, ялангоёқ ҳолда кел», деди.
Йигит уйига бориб, отасига подшоҳнинг навбатдаги талабини айтди. Отаси: «Менга поябзалингни келтир», деди.
Ўғил поябзалини келтиргач, ота унинг остки қисмини кўчириб ташлади. «Подшоҳнинг ҳузурига борганингда шуни кийиб олгин» деди. Ўғил шундай қилган эди, подшоҳ яна қоил қолди.
Подшоҳ йигитга: «Эртага менинг олдимга душманинг ва дўстинг билан кел!», деди.
Ўғил бориб отасинига подшоҳнинг талабини айтди. Ота табассум қилиб, аёлинг билан итни етаклаб олиб бор ва подшоҳ олдида уларни ур», деди.
Ўғил ҳайрон бўлиб: «Қандай қилиб уларни ураман», деб айтди.
Ота: «Сен шу ишни қилгин, натижасини кўрасан», деди.
Йигит аёли ва итни олиб бордида, биринчи аёлини урди. Аёли оғриқдан қичқириб юборди ва: «Ҳали бу қилмишинга пушаймон бўласан», деб подшоҳга отасини қаерга беркитганини сотиб қўйди. Кейин эрини ташлаб, аразлаб кетиб қолди. Сўнгра йигит итни урди. Ит калтак зарбидан аккиллаб, қочиб қолди. Подшоҳ ҳайрон бўлиб: «Буларнинг қайси бири дўст, қайси бири душман», деб сўради.
Йигит шу заҳоти итини номи билан чақирган эди, у югуриб келиб, унга эркаланиб суйкалди. Йигит подшоҳга: «Бу ит вафодор дўст, аёлим эса аразлаб кетиб қолди», деди.
Подшоҳ ушбу воқеадан таажжубга тушиб: «Эртага отанг билан бирга келасан», дея буюрди.
Йигит уйига бориб, бўлган ҳодисаларни отасига айтиб берди ва подшоҳнинг навбатдаги талабини ҳам етказди. Эртаси куни ота-бола подшоҳ ҳузурига бордилар. Подшоҳ барча бўлиб ўтган воқеалар ортида отахон турганини эътироф этиб, уни ўзига маслаҳатчи этиб тайинлади.
Шундай қилиб, ўғил отасининг сабабидан жазодан қутулиб қолди.
Ота ҳар қанча кекса бўлмасин, у бебаҳо хазинадир. Бу хазинанинг борида барчамиз қадрига етайлик. Эртага фурсат ўтгач, афсус-надоматда қолмайлик.
Ота — ҳаёт мадрасаси ва ибрат мактаби.
Отангизни ўзингизга маслаҳатгўй, сирдошингиз қилиб олинг. Аллоҳнинг фазли билан отангизнинг маслаҳатига амал қилсангиз, ҳаёт сўқмоқларидаги тўсиқлардан мардонавор ҳолда ошиб ўтасиз.
Аллоҳ таоло барчамизнинг ота-оналаримизни паноҳида асрасин, ҳаёт бўлиб турганларини ҳидояту офиятда бардавом айлаб, вафот этганларини раҳматига буркасин!
Интенрнет манбаалари асосида тайёрланди
Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин туман “Умархўжа эшон” жоме
масжиди имом хатиби.