• Home
  • Раддия
  • “ОМИН” ЛАФЗИНИ ЖАХРИЙ АЙТИЛАДИМИ?
Раддия

“ОМИН” ЛАФЗИНИ ЖАХРИЙ АЙТИЛАДИМИ?

“ОМИН” ЛАФЗИНИ ЖАХРИЙ АЙТИЛАДИМИ?

Ҳанафий мазҳабида намозда фотиҳа сурасидан сўнг “Омин”ни махфий айтмоқ намознинг суннатларидан биридир. “Омин”ни махфий айтмоқ суннат эканлиги ҳанафий мазҳабининг барча китобларида қайд қилинган. Жумладан Бурҳониддин Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр Марғилоний раҳматуллоҳ алайҳ “Ҳидоя” китобининг “Намознинг сифати” бобида қуйдаги матнни келтирадилар:

Яъни: “Ва агар имом “ولا الضالِّين” деса, “Омин” дейди. “Омин”ни муқтадий ҳам айтади. Ва Улар (имом ва муқтадий) “Омин”ни махфий қилади”.

Шунингдек, Муҳаммад Алоуддин ал-Ҳаскафий раҳматуллоҳ алайҳ “Дуррул мухтор” китобида намознинг суннатларини баён қилиб, қуйдаги матнни келтиради:

Яъни: “(Намозда) сано ўқиш, сўнг таъаввуз ва тасмия айтиш ва (“Фотиҳа” сурасидан кейин) “Омин” демоқ суннатдир. Мазкур суннатларнинг ҳаммаси махфий ҳолда бўлмоқлиги ҳам суннатдир”.

Мазкур икки матндан “Омин”ни имом ва муқтадий ҳар иккиси айтмоқлиги суннат эканлигини зикр қилгандан кейин, “Омин”ни махфий қилиш алоҳида суннат эканлиги қайд қилинаяпти. Шунингдек, ёлғиз намоз ўқувчи ҳам “Фотиҳа” сурасидан кейин “Омин” дейди ва уни махфий қилади.

“Омин”ни махфий айтишнинг далиллари:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар, чунки кимнинг сўзи фаришталарнинг сўзига тўғри келса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.

Ушбу ҳадиси шариф “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин” айтиш суннат эканлигига далил бўлиш билан бир вақтда, уни махфий айтиш суннат эканлигига далолат қилади. Чунки, ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда “Омин” денглар” дейилди. Агар “Омин” жаҳрий айтилган бўлганда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни аввало, имомнинг зиммасига юклаб, сўнгра “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар” – деб айтган бўлар эдилар. Демак, “Омин” жаҳрий айтилмагани учун ҳадиси шарифда “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” деганда”, деб қайд қилинаяпти ва “Омин”ни махфий айтилишига далолат қилади. Бу ривоятни ҳеч бир бошқача таъвил қилиб бўлмайди.

Шу ўринда бизнинг зикр қилинган бу далилимизга “Омин”ни жаҳрий айтиш афзал дегувчилар томонидан имом Термизий ривоят қилган қуйдаги ҳадиси шарифни эътироз қилиб келтириши мумкин. 

“Абу Ҳурайра розиияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имом “Омин” деганда “Омин” денглар…”

Биз айтамизки, бу ривоятда “Омин”ни жаҳрий айтилишини қувватлайдиган очиқ-ойдин, сахиҳ гап йўқ. Бунинг маъноси шуки, “Имом “Омин” дейдиган вақтда сизлар ҳам “Омин” денглар”, деганидир. У вақт ўша “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” дегандан кейинги вақтдир. Ҳулоса шуки, биз бу ҳадиси шарифни аввалги ҳадиси шарифга мувофиқлаштирган ҳолда икки ривоятга амал қиламиз.

“Шуъбанинг Воилдан – у эса отасидан – қилган ривоятида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин” ни ўқидилар, сўнгра “Омин”, дедилар. Ва “Омин” айтишда овозларини паст қилдилар”. Имом Термизий ривоят қилади.

Шўбаъ раҳматуллоҳ алайҳ тариқи ила нақл қилинган ушбу ҳадиси шариф “Омин”ни махфий айтишда асл деб ҳукм (қарор) қилинади.

Бу ривоятнинг муқобилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийин”ни ўқиганларидан сўнгра “Омин”ни жаҳрий қилганлиги тўғрисидаги ривоятлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Намознинг таълими учун “Омин”ни жаҳрий айтганлар” — деб таъвил қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махфий ўқиладиган қироатни ҳам таълим учун жаҳрий қилганлар.

Юқорида “Омин”ни махфий қилиш тўғрисида ривоят қилинган ҳадиси шарифлар нақл қилинди ва жаҳрий қилишга далолат қиладиган ҳадисларни таъвили баён қилинди. Шундай бўлсада фаразан ривоят қилинган ҳадиси шариф матнлари бир-бирига зоҳиран таъоруз (бир бирига қарама қарши) келяпти десак, усул қоидасига кўра бундай ҳолда таъомули саҳоба (саҳобаларнинг қилган амаллари) га қаралади.
 

Музаффархон Ибрагимов,

Наманган шаҳар "Мулла Абдулқодир охунд" жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts