Жаҳолатга қарши маърифат

ОЛИМЛАРГА ТАЪНА-ДАШНОМ ҚИЛАВЕРМАНГ, ОҚИБАТИ ЁМОН БЎЛАДИ

ОЛИМЛАРГА ТАЪНА-ДАШНОМ ҚИЛАВЕРМАНГ, ОҚИБАТИ ЁМОН БЎЛАДИ

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда олимларимизни ғийбат қилаётган уларнинг обрўларини тўкиш учун турли таъна дашномлар ёғдираётган ўзлари билибми билмайми, юртда парокандалик бўлишини истайдиганларнинг нағмаларига ўйнайдиганлар кўпайиб қолди. Уларга имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг: Олимларнинг гўшти заҳарлидир, ким уни ҳидласа касал бўлади, ким ундан еса, ўлади”, деган огоҳлантиришни етказиб қўймоқчимиз.

Маълумки, Қуръони каримда: وأفوض امرى الى الله ان بصير بالعباد

Яъни, “Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир”, дейилади. Ғофир сураси, 44-оят. Бу ояти кариманинг сир асрорлари тўғрисида ўта таъсирчан воқеалар юз берган. Улуғ олим Имом Шофеъийнинг ҳаётларидан ушбу ибратли ҳодисани нақл қилинади. Имом Шофеъий шогирдларига дарс бериб ўтирган пайтларида ташқаридан бир аёл кириб келиб: “Эй имом ўзингизни шайх атайсизу, кечаларни ундай, бундай ишларни қилиш билан (яъни, фаҳш демоқчи) кундузлари илм-ирфон, даъват, таблиғ қиласизми?”, деди. Имом бирон-бир жавоб қилмадилар, шогирдлар ҳайрон нега устозимиз ўзларини муҳофаза қилиш учун бир оғиз раддия қилмадилар. Шофеъий эса, индамай лаблари билан бир нарсаларни пичирлаб турдилар. Аёл  айблаш, туҳмат қилишдан тўхтайвермагач, Шофеъий: Эй ожиза, сенга нима керак ўзи, керак нарсангни сўрагин берайин, кетгин, дедилар. Шу пайт  бир киши келиб, аёлнинг уйига ўт кетгани ва фарзандлари олов ичида қолганини хабарини берди. Аёл дод вой солиб уйига томон югурди. Имом Шофеъий шогирдлари билан бирга бориб аёлни фарзандларини ўтдан қутқариб олдилар. Аёл шарманда бўлиб, уятга қолди. Тавба қилиб, кечирим сўради. Имомга: Менга сизга ва динингизга душман бўлган фалон ғайридин киши бир қанча мол дунё ваъда қилиб обрўйингизни тўкадиган сўзлари шогирдларингиз ва жамоат  олдида айтишни буюрган эди, берадиган озгина молига алданиб бу гуноҳ ишга қўл урибман, деди. 

Шогирдлар устозга : Нега бу аёл сизга таъна дашном бераётган пайтда ўзингизни оқлаш учун бирон сўз демадингиз, фақат лабларингизда бир нарсаларни пичирлаб ўтирдингиз, дейишди. Имом Шофеъий: Агар мен ўша заҳоти унга раддия бериб ўзимни оқламоқчи бўлганимда сизлар менинг шогирдлари бўла туриб икки гуруҳга бўлинар эдингиз. Бир гуруҳингиз ўша аёлни тасдиқлаб  уни рост айтяпти дер, эдингиз. Бир гуруҳингиз эса бу аёл ёлғон гапиряпти дер, эдингизу, лекин дилларингизга шубҳа тушиб , балки Имом Шофеъий бу ишларни қилгандирда, дер эдиларинг. Мен эса лабларим билан:

  وأفوض امرى الى الله ان بصير بالعباد

Яъни, “Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир” оятини такрорлаб турдим. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек аёлнинг сири ошкор бўлди, дедилар. 

Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қилган ҳадиси шарифда: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: Қайси бир нарсани Аллоҳга топширилса , уни (Аллоҳ Ўзи) муҳофаза қилади, дедилар.

  Адҳамжон Абдураҳмонов, 
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме  
масжиди имом ноиби

Related posts