Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА ВА УНИНГ МУҚАДДАСЛИГИ СИРЛАРИ

ОИЛА ВА УНИНГ МУҚАДДАСЛИГИ СИРЛАРИ

Оила азал-азалдан муқаддас қўрғон, инсон ахлоқи ва маънавиятининг бешиги саналган. Инсон оилада дунёга келади, оилавий муҳитда улғайиб, комил инсон бўлиб камол топади. Энг аввало, оила мустаҳкам, тинч ва аҳил бўлса, жамиятда барқарорлик, миллатда эса юксалиш бўлади. Зеро, соғлом оилавий муҳитда униб-ўсаётган фарзандларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар яратилади.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ оиланинг жамиятда тутган ўрнини янада ошириш, уни ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш устувор вазифа қилиб белгиланди. Оилада тиббий маданиятни шакллантириш, соғлом оила вужудга келиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш ҳамда оила маънавиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда оила институтини ҳимоя қиладиган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган. Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва уларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси жамиятимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида (собиқ 63-модда) оила жамиятнинг асосий бўғини экани ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, Асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатлари давлат манфаатларидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлангани оила муҳофазасида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Шундай экан, оила қураётган ёшларга мазкур ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, оила қонунчилиги асослари, соғлом турмуш тарзи, эр-хотинлик масъулияти ва фарзанд тарбиясига оид билимларни ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидандир. Шунга кўра, юртимизда никоҳ ёшига амал қилмасликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилди. Чунки соғлом ва ақлан баркамол фарзанд, аввало, жисмонан ва маънан тайёр бўлган соғлом ота-онадан дунёга келади. Бунда эса белгиланган никоҳ ёшига қаътий риоя қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

Қонунчилигимизда никоҳ муносабатларига киришишда белгиланган ёшга амал қилмаслик, никоҳ ёшига етмаган шахс билан оила қуриш ва ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаганларни уйлантириш ёки узатиш, шунингдек, бундай шахсларга нисбатан диний маросимларни амалга оширганлик учун тегишли маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Bu каби чоралар ёшларнинг келажаги, соғлиғи ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Муқаддас динимиз таълимотида ҳам оила тузишга катта масъулият билан қаралади. Никоҳ муносабатлари қанчалик пок, ихтиёрий ва қонун талабларига мос бўлса, ўша оиланинг мавқеи ва жамиятдаги обрў-эътибори шунчалик баланд бўлади. Ана шундай масъулият ва меҳр-муҳаббат қарор топган хонадонда ўсган фарзандлар, албатта, эл-юртга нафи тегадиган комил инсонлар бўлиб вояга етадилар.

Ҳар бир инсон учун энг катта бахт — оилавий хотиржамлик, тотувлик ва фаровонликдир. Оиласидан, фарзандлари камолидан кўнгли тўқ инсоннинг ҳаётида ҳаловат, ишида эса унум ва барака бўлади.

Мансурхон Нишанов,
Чортоқ тумани Ҳазрати Усмон жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts