Ҳукамолар айтадилар: “Ким ғам-ташвишини одамлардан яшириб, Аллоҳга таваккул қилса, Аллоҳ унинг ташвишларига Ўзи кифоя қилади ва қалбини розилик билан тўлдиради”.
Инсон ҳаёти ғам-ташвишсиз бўлмайди. Ҳар бир қалбнинг ичида айтилмаган дард, билдирилмаган оғриқ ва кўринмас курашлар яшайди. Аммо ҳар бир дардни ҳам одамларга айтиб бўлмайди. Чунки баъзи шикоятлар юракни енгиллатиш ўрнига янада оғирлаштиради.
Айрим инсонлар билан суҳбатлашсангиз, бутун дардини тўкиб-солади. Оддий ишлардан ҳам шикоят қилаверади. Дунёнинг арзимас ташвишларини сабр ва ибодатдан устун қўяди.
Ҳолбуки, мўмин инсон билиши керак: ҳар бир синов ортида ҳикмат, ҳар бир қийинчилик ортида енгиллик бор.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта, оғирлик билан бирга енгиллик бор”. (Шарҳ сураси, 6-оят)
Солиҳ зотлар шундай деганлар: “Дардингни ҳар кимга эмас, дардингни кетказа оладиган Зотга айт”.
Зеро, инсонлар фақат эшитиши мумкин. Аммо қалбга сакинат бериш, мушкулни осон қилиш ва эшиксиз жойдан чиқиш йўлини очиш ёлғиз Аллоҳнинг қўлидадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, У Зот унга кифоя қилади”. (Имом Термизий ривояти)
Банда дардини ўзи каби ожиз бандага эмас, тунги саждада Роббисига тўкиб солса, ихлос билан Унга муножот қилса, қалбига шундай енгиллик ва хотиржамлик тушадики, бу тасаллини дунёда ҳеч ким бера олмайди.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Мўминнинг сирдоши — саждасидир”.
Одамлардан мадад кутган инсон кўп ҳолда ранжийди. Чунки инсон ўзгарувчан. Бугун тинглаган одам, эртага юз ўгириши мумкин. Аммо Аллоҳга суянган қалб ҳеч қачон ёлғиз қолмайди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, Менга дуо қилинглар, Мен сизларга ижобат қиламан”. (Ғофир сураси, 60-оят)
Баъзан ёрдам кечикаётгандек туюлади. Аммо мўмин биладики, бу ҳам Аллоҳнинг ҳикматидир. Чунки Роббимиз бандаси учун қайси вақт муносиб эканини ҳаммадан яхши билади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қалбинг қийинчиликдан сиқилса, одамларга эмас, Роббингга юзлан. Чунки қалбларни таскин этувчи фақат Унинг Ўзидир”.
Шунинг учун қалбингизни одамларга эмас, Аллоҳга боғланг. Дардингизни ҳар ерда ва ҳар кимга эмас, саждада айтинг. Чунки сизни энг яхши эшитувчи ҳам, энг яхши тушунувчи ҳам, энг яхши ёрдам берувчи ҳам Аллоҳдир.
Тунларингиз дуо билан, қалбингиз таваккул билан, ҳаётингиз сабр билан зийнатлансин. Чунки Аллоҳга суянган қалб ҳеч қачон синмайди.
Паттаев Мақсуджон
Тўрақўрғон туман “Исвахон” жоме
масжид имом ноиби