Жамият аъзоларига муносабат

НИКОҲ ОИЛАНИНГ ҚЎРҒОНИ

НИКОҲ ОИЛАНИНГ ҚЎРҒОНИ

Никоҳ турмуш қураётган эркак ва аёл ўртасида ҳаётларининг қолган қисмини биргаликда кечириш учун гувоҳлар иштирокида ўзаро тузилган шартномадир. Бинобарин унда ҳар икки томонинг ҳақ-ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари ҳам мавжуд. Бу хусусида Оллоҳ таоло шундай дейдики: “Ва яхши амаллардан улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор” (Бақара 228).

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила қуриш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди: яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...”.
Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: яъни: "Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас" (яъни умматимдан эмас), деганлар. 

Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги, оиласини никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади. Аллоҳ таоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун умр йўлдош, таскин ва осойишталик тимсолига айланди.

Аллоҳ таоло эркак ва аёллар ўртасида муроса ва тотувлик бўлиши учун улар ўртасида муҳаббат, иноқлик ва меҳрибонлик туйғуларини ҳам пайдо қилди. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳар қайси инсон, миллати, тили ва динидан қатъий назар, бу дунёга бахтли ва саодатли яшаш учун келади. 

Ислом таълимоти аёлни улуғлаб, эркакка берган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни аёлга ҳам берди. 

Бу ҳақлар нималардан иборат эканини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берганлар: “Диққат қилинг, сизнинг аёлларингиз зиммасида ҳақларингиз бор, аёлларингизнинг ҳам сизнинг зиммангизда ҳақлари бор” деб марҳамат қилганлар.

Шунга кўра аёлнинг эри зиммасидаги ҳақлари:

1. Маҳр.

2. Нафақа, унинг ейиш-ичиши ва кийиниши каби эҳтиёжларини қондириши.

Эрнинг аёли зиммасидаги ҳақлари эса:

1. Эрини ҳурмат қилиш, унинг шаръий истакларини бажариш, оиласининг тинч ва тартибини бузадиган ишлардан сақланиш.

2. Эрига садоқатли бўлиш ва хотинлик вазифасини адо этиш.

3. Оиланинг номус ва шарафини ҳимоя қилиш, эрининг молини муҳофаза қилиш, харажат қилишда меёридан чиқмай исрофга йўл қўймаслик.

Агар эр-хотин ушбу ҳуқуқ ва бурчларга риоя қилсалар бахтли ҳаёт кечирадилар. Ҳам бундай оилада фарзандлар ота-оналарига ва жамиятига нисбатан эҳтиром руҳида тарбия топадилар.

Авазбек Тўраев

Норин тумани “Қурбон ота” жоме
 масжиди имом-хатиби 

Related posts