Бизларга берилган неъматларнинг барчаси Аллоҳ таоло тамонидан деб эътиқод қиламиз. Алҳамдулиллаҳ.
Ундан бошқа фазийлат берувчи ҳам, неъмат берувчи ҳам йўқ.
Ушбу эътиқодга қанчалик содиқмиз, қандай даржада Аллоҳ таоло берган неъматлардан, тақсимотлардан рози бўлиб яшаяпмиз?. Инсоф билан ушбу саволларга ўзимиздан жавоб берсак, жуда озчилигимиз шукур қилиб яшаётган бўламиз, чунки беминнат қулоқ кўз, қалб каби ўзимиздаги неъматларни ҳам, доимо эсламаймиз, эслаш учун холис бир мулоҳаза, тафаккур ва соф ақийда бўлиши керак. Ушбу неъматлар барчага берилган, фақат камимиз шукур қилиб, Аллоҳ таолодан рози бўлиб яшашимиз ва бандалар бир-бирлари билан аҳил-иноқ бўлиб яшашимиз, юртимизни, хонадонимизни обод этиб яшаш қолган. Бу мулохазаларимизни тушуниб, бунга амал қилсак, Аллоҳ марҳамати ила ҳаётимиз яна ҳам чиройли бўлади. Аллоҳ таолонинг бандаларидан розилигини аломати, бандаларнинг Аллоҳ таоло берган неъматларига, тақсимотларига рози бўлиб яшашларида ҳам билинар экан.
Баййина сурасининг 8-оятида (Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам ундан рози бўлдилар) деб марҳамат қилинади. Аллоҳ таоло бизларни иймон билан, ислом билан ва турли неъматлар билан мукофатлади, бу неъматларга шукур қилишимиз, рози бўлишимиз бизларни бандалик бурчимиздир.
Баъзида тинчлик-хотиржамлик ва бошқа неъматлар тўғрисида гапирилса, ана шукурчилар, ана яна битта шукурчи дейдиганлар ёки тинчигимиз борку деб кесатиқ гаплар айтадиганлар ҳам бор. Аслида икки дунёда бахтли саодатли яшашимиз учун, Аллоҳ таолога шукур қилишимиз, қандай бўлсада хаётимиздан рози бўлиб яшашимиз керак. Алҳамдулиллаҳ эмин эркин ибодатларимизни бажариб тинч хотиржам яшаяпмиз, албатта ҳотиржамлик бўлса ҳамма нарса татийди, акси бўлса синовлардан ўта олмаслигимиз мумкин. Ҳар бир оқил инсон дунёда бўлаётган ишлардан етарлича ибрат олиши керак.Баъзилар чиройли йиллик режалар тузса, баъзилар хозир менга нима бўлар экан деб, ҳавф ичида яшаб қолишга умид қилаяти, ёки қўрқув ичида тонг оттириб, қўрқув ичида кеч қилаяпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларни эртаю кеч шукур қилишга чақириб: Аллоҳим мен билан тонг оттирган(кеч қилган) неъматлар сен томондандир. Сен яккаю ёлғиздирсан, сенинг шеригинг йўқ, сенга ҳамд ва шукурлар бўлсин; деб марҳамат қилганлар.( Абу Довуд).
Аллоҳ таоло барчамизни неъматларни қадрига етадиган шокир бандалар томонида бўлишимизни насиб айлаб, ношукурлик ва ношукурлардан узоқ этсин.
Камолидин Исақов,
Наманган тумани “Бешкапа” жоме
масжиди имом-хатиби