Аёллар саҳифаси

ИСЛОМДА АЁЛНИНГ ЭРИНИНГ ОЛДИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ.

ИСЛОМДА АЁЛНИНГ ЭРИНИНГ ОЛДИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ.

Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? 

Шариатимизда шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар:

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. 

Аёл киши эри ҳузуридалик вақтида унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Фарз рўза тутиш учун ҳеч кимнинг изни керак эмас. Шунингдек, эр йўқлигида нафл рўза тутса ҳам бўлаверади. Аммо эр борлигида аёл фақат унинг изни билан нафл рўза тутиши керак. Чунки ҳар қандай вақтда эрининг у билан бирга бўлгиси келиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса бу ишга тўсиқ бўлади. Эрнинг изнисиз аёл нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар аёли билан бирга бўлиш истагини қилса, орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсанинг бир неча марта такрорланиши эса ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап. Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳақи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етишлари ва бунга оғишмай амал қилишлари лозим.

2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).

Иккинчи ҳақ аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги бўлиб, бу ҳам эрнинг ҳақларидан бири. Чунки эри йўғида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам бадхулқ одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки ҳаракат қилиши мумкин. Оила сирларини ташқарига олиб чиқиши мумкин. Ёки мутлақо эрига ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин. Ҳурматини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ҳар кимни ўзининг муҳтарам жойларига киритавермайди. Оиланинг энг муҳтарам жойи бўлмиш уйга оила бошлиғининг изнисиз тўғри келган одамни киритавериш эрга нисбатан ҳурматсизлик бўлади.

3. Шаръий узр бўлмаса, аёл киши эри хоҳлаган вақтда унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр хотинини тўшагига чақирсаю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқишади», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган).

Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутиш, ҳайз ёки нифос кўришга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан, эр-хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шудир. Эрдир, аёлдир, хоҳлаган вақтида жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имкониятига эга бўлиши лозим. Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса, ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовчилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бу Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маънони ҳозирги замонда инсонга хос турли илмлар ҳам тасдиқлади.


Зухриддин Турдиматов, 
Учқўрғон тумани “Нурмуҳаммад бува” жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts