Жаҳолатга қарши маърифат

НАМОЗГА КИРИШДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРГАЧА КЎТАРИЛАДИ?

НАМОЗГА КИРИШДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРГАЧА КЎТАРИЛАДИ?

Намозга киришиш такбири “такбири таҳрима”, “ифтитоҳ такбири”, “аввалги такбир” каби номлар билан номланади. Намоз ўқигувчи киши намозга киришаётганда “Аллоҳу акбар” дея такбир айтган ҳолда намозга киришади. Намозга такбир айтиб кириш ва қўлларни кўтариш борасида мазҳаблар ўртасида ихтилоф йўқ. Лекин такбир айтаётган вақтда қўллар қаергача кўтарилиши борасида ихтилофлар мавжуд. 

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, такбири таҳрима вақтда қўлларнинг бош бармоқлари қулоқнинг юмшоқ жойи баробарида туришлиги суннат ҳисобланади.  Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан келган бир ривоятда у кишининг наздида ҳам шундай. Бошқаларда қўллар елка (кўкрак) баробарига кўтариш суннат. Бу ўринда ихтилоф жоиз ёки ножоизликда эмас, балки қайси бири афзаллигидадир.

Баъзи ҳанафий мазҳабига оид китобларда бош бармоқ қулоқнинг юмшоқ жойига теккизиши айтилган. Аслида теккизиш суннат эмас, балки қулоқнинг юмшоқ жойи баробарига қўлларни кўтариш суннат саналади. У китоблардаги гаплар қўллар қулоқнинг юмшоқ жойи рўпарасига олиб келганига ишонч ҳосил қилиши учун айтиб ўтилган.

Келинг, мазҳабимизни қўллаб қувватлайдиган далиллардан баъзиларини баён қилиб ўтайлик:

  1. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу Росуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришганларида икки қўлларини кўтариб, қулоқлари рўпарасига қўйиб такбир айтганларини кўрганини ривоят қилган. 

  2. Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар, қўлларини кўтарар ҳамда қулоқлари баробарига келтирар эдилар ”, деганлар ( Имом Муслим ривояти ) .

  3. Росуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Воил ибн Ҳужрга: “ Намозни бошлайдиган бўлсанг, икки қўлингни икки қулоғинг баробарига қўйгин ”, деганлар (Имом Муслим (401) ва Насаий (879)).

  4. Таҳовий, Дороқутний ва Исҳоқ Ибн Роҳавайҳ ривоят қиладилар. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “ Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам намоз ўқисалар икки қўлларини кўтарар, ҳатто икки бош бармоқлари қулоқлари баробарига етарди ”. Дороқутний “ кейин бошқа бу ишни қайтармадилар ” лафзини зиёда қилганлар.

      Бошқа ҳадисларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбири таҳримада икки қўлларини елка баробарига кўтарганликлари айтилган. Шу ҳадисларни баъзилар қўлларнинг учи елка қисмидан юқори кўтармаслик маъносида, яъни кўкрак қисмигача кўтариш маъносида тушунганлар. Аслида биз юқорида ривоят қилган ҳадислар билан “қўлларини елка баробаригача кўтарардилар” маъносидаги ҳадислар ўртасида умуман зиддият йўқ. Чунки қўл деганда бармоқ учидан бошлаб елкагача қисми тушунилади. “Қўл елка баробаригача кўтарилганда” лафзи қўлнинг русғи елка баробарида, кафтнинг учи эса қулоқ баробарида турган бўлишини эҳтимол ҳам қилади. Қолаверса, орқада турган кишига “қўлларини елка баробарига кўтардилар” деб ривоят қилиши учун қўлнинг бир қисми елкадан ошиб ўтганини кўрган бўлиши керак. Бўлмаса, “қўлларини кўтарганлар” деб ривоят қилмаслиги ҳам мумкин эди. 

      Бундан ташқари юқоридаги ихтилофни йўққа чиқариб, улар ўртасини жамлаб берадиган қуйидаги ҳадисга эътиборимизни қаратайлик. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломни намозга туриб, икки қўлларини икки елкалари баробарига, икки бош бармоқларини эса икки қулоқлари баробарига қўйиб, сўнгра такбир айтган ҳолатларини ўз кўзлари билан кўрганликларини ривоят қилганлар (Абу Довуд). Абу Довуднинг бошқа ривоятида “ икки бош бармоқларини икки қулоқнинг юмшоқларигача кўтарганлар ” лафзи ворид бўлган.

      Юқоридаги маълумотлар Ҳанафий мазҳабининг баъзи далилларидир. Саломат фикр билан эътиборини қаратган киши намозда такбир таҳрима вақтида қўлларнинг бош бармоқлари қулоқнинг юмшоқ қисми баробарига кўтарилиши борасида Ҳанафий мазҳабининг далили аниқ, равшан ва кучли эканлигини асло рад қила олмайди.

 

Аъзамхон Саминов, 
“Ҳидоя” мадрасаси мударриси

Related posts