Жамият аъзоларига муносабат

МУСУЛМОН КИШИ ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ.

МУСУЛМОН КИШИ ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ.

Фитна маънавий иллатлардандир.  Фитна деганда инсонларни изтироб, ихтилоф, қийинчилик ва балоларга гирифтор қилишни айтилади. Масалан, халқни боғийликка ташвиқот қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, тинч яшаётган одамларни бир-бирига қарши қилиш, ватанига хиёнат қилишга, ота-онасига қарши чиқишга эр-хотин орасига совуқчилик тушириш ва ҳоказо шунга ўхшаш нарсаларни айтилади. Ҳозирги вақтдаги энг аянчли фитналардан эса ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик деб динга қизиқадиган ғўр ёшларнинг бошини айлантириб, уруш ўчоқлари бўлмиш мамлакатларга чиқариб юборишлик ёки сотиб юборишлик ҳолатлари, булар ҳам фитнадир. Шунингдек, китоб мутоала қилишда эҳтиётсизлик қилиб, тушуниб-тушунмасдан  оммага нотўғри тушунча бериб қўйиш ҳам фитна дейилади.

Машойихлар айтадилар: “Кимки ўз даврининг урф-одатларини билмаса, бас у инсон жоҳилдир!”

Шундай экан, мусулмон киши омма олдидаги ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларида парҳезкор бўлса, гапираётган гапларини ўйлаб гапирса фитнадан ҳоли бўлади.

Агарчи қирқ фарздан ҳисоблансада амри маъруф, наҳий мункар қилиш  ҳам юқоридаги қабилда бўлиб, ўз ўрнини топиб қилинса мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри келган келмаган жойларда амри маъруф, наҳий мункар қилиб кетавермаслик керак. Одамларнинг аҳволини,  савиясини ва ёшини ҳисобга олиш керак бўлади. Акс ҳолда мункар ишларнинг кўпайиб кетишига сабабчи бўлади, эшитувчини мутааассибликка батарроқ берилишига замин яратиб берган бўлади ва инсон ўзи ҳам қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Кимки биродарига омма олдида ошкора насиҳат қилса, бас уни айблабди. Агар ёлғиз ўзига гапирса, бас уни тузатибди”.

Фуқороси осойишта ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчликни кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари, аслида одам ўлдиришдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Аллоҳ Таоло Қурони Каримнинг бир неча оятларида бу маънони таъкидлаган:

“Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”.

Золим  кимсалар ҳамиша инсонлар, бутун қабилалар ўртасига фитна, нифоқ солиб, жамиятнинг тинч ҳаётини пароканда қилишади. Фитна эса одамларни қатл қилишдан ҳам оғирроқ бўлган жиноятдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитнадан сақланишга   умматни доим чақирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

“Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир, ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир, яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадисга диққат билан назар солар эканмиз Расул алайҳиссалом фитнага аралашиб қолишдан қайтармоқдалар. Мўмин киши ҳар қанча қийин ва оғир бўлмасин фитнадан қочиши керак. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қочишни иложини топган одам қочсин, деганлар.

 

Яқуббоев Абдувахоб,
Наманган тумани "Мирзабой Холтўрабой" жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts