Байрам ва марака маросимлари

МУСТАҚИЛЛИКнинг 35 ЙИЛЛИГИ МУБОРАК !

МУСТАҚИЛЛИКнинг 35 ЙИЛЛИГИ МУБОРАК !

Ўтаётган хар бир сония бизни энг улуғ, энг азиз байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш айёмига яқинлаштирмоқда. Бу йилги мустақиллигимизни 35 йиллик санаси юртимиздаги иқтисодий ва маърифий сохалардаги катта ютуқлар билан кутиб олинмоқда. 

Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, хадис, тафсир, ислом тарихи, маданиятига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизни илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Халқимиз барча соҳада эмин-эркин сайъ-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлиб, динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этилиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси ихтиёрига топширилди. Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Яратган Тангримиз ояти каримада: “... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”,- деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар. Инсон ўзидаги неъматларни қадрини унинг устида мулохаза юритиш, шу неъматлардан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳ таъолога хуш келади. Натижада неъматларни янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Сўнги йилларда гувоҳи бўлиб турганимиз, диний соҳада жадал ислоҳотлар давом этмоқда. Янги масжидлар очилиши, эскиларини қайта таъмирланиши, Умра зиёратининг қайта йўлга қўйилгани, ҳаж зиёратининг қайта йўлга қўйилганлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази очилиши ва Имом Бухорий мажмуасини қуриб битказилиб халқимиз ихтиёрига топширилиши,бу муборак масканларда ислом оламини етук алломалари иштирокида илмий анжуманлар ўтаётганлиги  халқимиз маънавий-маърифий ҳаётига кўтаринки кайфият олиб келди. Бундай ислоҳотлар ҳур, истиқболи порлоқ ватанимизга ярашади, албатта. Яна шуни унутмаслигимиз лозим, бундай ислоҳот-у ютуқлар одилона олиб борилаётган сиёсат, халқни рози қилиш учун қаттиқ ҳаракат ва тинчлик хотиржамликнинг натижасидир. Мана шу тинчлик фаровонликни сақлаб қолиш ҳар бир  ватандошимизнинг бурчидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак жаннат макон юртимизда жорий 2026 йил- “МАҲАЛЛАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ЖАМИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ ЙИЛИ”да барча соҳаларда фаол ислоҳотларни шоҳиди бўлиб турибмиз. Юртимизда “ЯГОНА ВАТАН,ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ , ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”  шиори хар бир соҳага ва хар бир юртдошларимизни хонадонларига, ўзаро муносабатларига том маънода кириб бормоқда. Бу чақириқ хар бир ватандошимизни қалб нидоси ва виждон амридир.

Яратгандан истиқлолимизни бардавом ва халқимиз фаровонлигини бунданда юксак бўлишини  сўраймиз.         

Баҳодир Шарипов, 
Чуст туман "Мавлоно Лутфуллоҳ" жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts