Байрам ва марака маросимлари

МУСТАҚИЛЛИК – МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ВА БУЮК ҚАДРИЯТ ТИМСОЛИДИР

МУСТАҚИЛЛИК – МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ВА БУЮК ҚАДРИЯТ ТИМСОЛИДИР

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ўтаётган ҳар бир кун бизни улуғ айёмлардан саналган мустақиллигимизнинг ўттиз беш йиллигига яқинлаштирмоқда.

Истиқлол Яратганнинг буюк неъматларидан бири бўлиб, унда ўз эътиқодимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизни қайта тикланди. Тарихимизда янги даврни бошлаб берган бу азиз неъмат шарофати ила элимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий давлатчилигини мустаҳкамлаш, бой тарихи ва маънавий меросини эркин ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий қадриятларни тиклаш, тарихий хотирани асраш, буюк аждодларимиз меросини дунёга танитиш билан бир қаторда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, «Агар шукр қилсангиз, албатта, сизларга зиёда қиламан. Агар ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим қаттиқдир». (Иброҳим сураси, 7-оят).

Дарҳақиқат, мустақилликнинг қадрини англаш, унинг неъмат эканини ҳис этиш ва бунинг учун шукр қилиш ҳар бир юртдошимизнинг маънавий бурчидир. Зеро, шукр фақат тил билан эмас, балки Ватан тинчлиги, халқ фаровонлиги ва юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшиш билан ҳам намоён бўлади.

Бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида инсон қадрини улуғлаш энг муҳим тамойиллардан бирига айланди. Инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Буюк каломда инсон зотининг улуғлиги шундай баён қилинади: «Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азизу мукаррам қилдик...» (Исро сураси, 70-оят).

Инсон қадрини юксалтириш фақат иқтисодий фаровонликни таъминлаш эмас, балки унинг маънавий эҳтиёжларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, миллий ҳамда диний қадриятларни асраб-авайлашни ҳам англатади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам инсоннинг фазилати ва гўзал хулқига катта эътибор қаратганлар. Ҳадиси шарифда: «Сизларнинг энг яхшиларингиз — хулқи энг гўзалларингиздир». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу борада амалга оширилаётган ишлар жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Мустақиллик йилларида халқимизнинг диний-маърифий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида кенг имкониятлар яратилди. Ўзбекистон замини асрлар давомида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларни етиштирган. Уларнинг илмий мероси нафақат халқимиз, балки бутун инсоният цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган.

Диний-маърифий ислоҳотларнинг муҳим жиҳати шундаки, муқаддас динимизнинг асл моҳияти – илм, маърифат, эзгулик, тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғоялари кенг тарғиб қилинмоқда. 

Ватанимиз Ислом цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга. Самарқанд, Бухоро, Термиз ва бошқа қадимий шаҳарлар асрлар давомида илм-фан ва маърифат марказлари сифатида танилган.

Аждодларимиз томонидан яратилган илмий ва маънавий мерос бугун дунё ҳамжамияти томонидан ҳам юксак қадрланмоқда. Шу бой меросни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди.  Бу тарихимизни ўрганиш, миллий ўзлигимизни англаш ва ёш авлодни илм-маърифат руҳида тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Марказ экспозицияларида халқимизнинг кўп минг йиллик тарихи, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ва Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси кенг ёритилган.

Самарқанд заминида қайтадан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси халқимиз ва бутун мусулмон олами учун муҳим маънавий масканлардан биридир.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари ҳадис илмининг буюк намояндаларидан бўлиб, у кишининг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асари ислом оламида юксак мавқега эга. Мустақиллик йилларида Имом Бухорийнинг бой илмий-маънавий меросига бўлган эътибор янада кучайди. 

Бу масканнинг аҳамияти фақат зиёрат билан чекланмайди. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, ёшларга унинг илмга бўлган муҳаббатини намуна қилиб кўрсатиш ҳам мажмуанинг муҳим вазифаларидан биридир.

Диний қадриятларга ҳурмат ва фуқароларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш борасидаги ишлар 2026 йилги Ҳаж мавсумида ҳам ўз ифодасини топди. 2026 йил Ҳаж мавсумида Ўзбекистондан 15 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонига юборилди. Зиёратчилар учун махсус «Ҳаж қўлланмаси» ва мобил илова ишга туширилиб, зарур шароитлар яратилди.

2026 йилги Ҳаж мавсумининг яна бир муҳим янгилиги – «Президент ҳожилари» лойиҳасининг жорий этилганидир. Жорий йилда биринчи марта 100 нафар фидойи юртдошимиз «Президент ҳожилари» сифатида муқаддас Ҳаж сафарига борди. Улар учун давлат томонидан алоҳида ғамхўрлик ва зарур шароитлар яратилди. Бу ташаббус инсон қадрини улуғлаш, нуронийлар ва фидойи юртдошларга ҳурмат кўрсатиш каби эзгу қадриятларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Ҳаж сафари давомида юртдошларимиз нафақат муқаддас ибодатларни адо этдилар, балки Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз равнақи учун дуолар қилдилар. 2026 йилги Ҳаж мавсуми Ўзбекистонлик зиёратчилар учун юқори савияда ташкил этилгани қайд этилди.

Мустақиллик бизга буюк аждодларимиз қолдирган маънавий ва илмий меросни эркин ўрганиш имконини берди. Бугун Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги буюк хизматлари, Имом Мотуридийнинг ақида илмидаги мероси, Хоразмийнинг математика фанига қўшган ҳиссаси, Беруний ва Ибн Синонинг жаҳон илм-фанидаги ўрни, Улуғбекнинг астрономия соҳасидаги кашфиётлари ёш авлод учун улкан ибрат мактабидир.

Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуаси каби масканларнинг барпо этилиши ана шу тарихий меросни замонавий авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Бундай эзгу ишлар халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш билан бирга, Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги муносиб ўрнини янада кенг намоён этади.

Бугун, мустақилликнинг ўттиз беш йиллиги арафасида Яратганга шукроналар айтиб, келажак учун режалар тузмоқдамиз. Динимизнинг қадр-қимматини билиб, уни янада ривожлантириш ва ёш авлодни тўғри тарбиялашда давом этишимиз зарур. Биз мустақилликнинг қадрига етиб, уни сақлаб қолиш учун доимий ҳаракатда бўлишимиз лозим.

Ота-боболаримизнинг фидойиликлари, уларнинг кўрсатган матонатлари бизга буюк Ватанни мерос қилиб қолдирди. Энди бизнинг вазифамиз – бу Ватанни юксак чўққиларга олиб чиқишдир. Мустақилликнинг ўттиз беш йиллиги ҳам шу йўлда қилинаётган ишларимизнинг натижаларини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, мустақиллик – халқимиз учун эркинлик, миллий ўзлик ва маънавий тикланишнинг буюк асосидир. Бугунги Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, диний-маърифий соҳани ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уни дунёга кенг тарғиб қилиш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, мустақиллик – инсон қадри улуғланадиган, миллий ва диний қадриятлар тикланадиган, тарих ва бугун ўзаро уйғунлашиб, келажак сари ишонч билан қадам қўйиладиган буюк неъматдир. Мустақиллигимизни асраш, юртимиз тинчлиги ва тараққиётини таъминлаш, бой маънавий меросимизни келажак авлодга етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Абдуллоҳ домла САМАТОВ,

Наманган вилояти бош имом-хатиби

Related posts