Мустақиллик — Аллоҳ таолонинг халқимизга ато этган энг улуғ ва бебаҳо неъматларидан биридир.
Шу муқаддас неъмат туфайли юртимизда тинчлик-осойишталик, хотиржамлик ва барқарорлик ҳукм сурмоқда. Тинч юртда инсон эркин меҳнат қилади, фарзандларини тарбиялайди, илм олади, ибодатини бемалол адо этади ва келажакка ишонч билан қадам ташлайди.
Бугун юртимиз мустақиллиги ва тинчлигининг ҳақиқий қадрига етиш учун дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқишимиз зарур. Турли мамлакатларда урушлар, низолар, тушунмовчиликлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар ва бошқа офатлар инсонларга қанчадан-қанча мусибатлар келтираётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу воқеалар биз учун катта сабоқ бўлиши, мавжуд неъматларнинг қадрига етишга ундаши лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, сизларга янада зиёда қилурман. Агар ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим жуда қаттиқдир». («Иброҳим» сураси, 7-оят).
Ушбу ояти карима бизга неъматларнинг давомийлиги ва зиёда бўлиши шукр билан боғлиқ эканини уқтиради. Демак, мустақиллик, тинчлик ва осойишталик каби буюк неъматлар учун ҳамиша шукронада бўлиш ҳар бир мўминнинг бурчидир.
Ҳақиқатан ҳам, тинчлик бор жойда кўнгилга хурсандчилик сиғади. Тинч юртда тараққиёт ва ривожланиш бўлади, инсонлар ҳалол меҳнат қилиб ризқ топади, фарзандларини вояга етказади, уй-жой қуради, тўй-ҳашам қилади. Осуда ҳаёт инсонга меҳнат қилиш, эзгу орзу-ниятларини амалга ошириш имконини беради. Шунинг учун тинчлик ва мустақилликнинг қадрини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ англашимиз лозим.
Истиқлол йилларигача халқимизнинг диний ҳаётида кўплаб чекловлар мавжуд эди. Масжидлар кам, ибодат қилиш имкониятлари чекланган, диний илмларни эркин ўрганиш осон эмас эди. Бугун эса юртимизда масжидлар обод қилинмоқда, азонлар янграмоқда, Қуръон тиловатлари эркин янграмоқда, ёшу қари бемалол ибодатларини адо этмоқдалар. Бу ҳам мустақилликнинг буюк самараларидан биридир.
Шунингдек, истиқлол йилларида юртимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Янги шаҳар ва қишлоқлар бунёд этилди, замонавий таълим муассасалари, шифохоналар, масжидлар, йўллар ва кўплаб иншоотлар қурилди. Халқимиз турмуш даражаси юксалиб, мамлакатимиз йил сайин обод ва фаровон бўлиб бормоқда. Буларнинг барчаси тинчлик ва мустақилликнинг баракасидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло бандага катта ёки кичик бир неъмат ато этса ва банда унинг шукри учун: “Алҳамдулиллаҳ”, деса, у ана шу неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади».
Бу ҳадиси шариф шукрнинг нақадар буюк ибодат эканини кўрсатади. Неъматнинг шукри фақат тил билан «Алҳамдулиллаҳ» дейиш эмас, балки уни асраб-авайлаш, қадрига етиш, яхшилик йўлида сарфлаш ва Ватан равнақи учун сидқидилдан хизмат қилиш билан ҳам намоён бўлади.
Бугун ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган қирғинлар, қўпорувчиликлар ва қирғинбарот урушларни кўриб турибмиз. Уруш ҳукм сураётган жойларда инсонлар тинч яшай олмайди, фарзандлар қўрқув остида улғаяди, одамлар уй-жойидан айрилади, қанчадан-қанча орзу-умидлар вайрон бўлади. Шундай юртлар борки, фарзандлар уруш бағрида туғилиб, умрининг катта қисмини тинчлик нималигини билмай ўтказмоқда.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, биз мустақил ва озод Ватанда, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида ҳаёт кечирмоқдамиз. Бу неъматни асраш, унинг қадрига етиш, юртимиз тинчлиги ва тараққиёти учун дуода бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиздир.
Мустақиллик — бу фақат сиёсий эркинлик эмас, балки миллий қадриятларимизни, муқаддас динимизни, урф-одатларимизни ва маънавий меросимизни эркин сақлаш ва ривожлантириш имкониятидир. Ватан тинчлиги ва мустақиллигини асраш, ёш авлодни ватанпарварлик, шукроналик ва эзгулик руҳида тарбиялаш барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятдир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни аҳил ва фаровон қилсин. Мустақиллигимиз абадий, тинчлигимиз мустаҳкам бўлсин. Омин.
Ҳурматали Нортиллаев,
Чуст тумани “Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом-хатиби