Ўзбекистон халқининг энг улуғ ва қадрли байрамларидан бири — Мустақиллик кунидир. Ҳар йили 1 сентябрь юртимизда катта шодиёна ва тантана билан нишонланади. Ўтаётган хар бир сония бизни энг улуғ, энг азиз байрам Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш айёмига яқинлаштирмоқда. Бу йилги мустақиллигимизни 35 йиллик санаси юртимиздаги иқтисодий ва маърифий сохалардаги катта ютуқлар билан бир қаторда илмий ва диний сохалардаги улкан ўзгаришлар билан кутиб олинмоқда. Бу сана халқимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга бўлиб, миллий давлатчилигимиз, эркин ва фаровон ҳаёт сари муҳим қадам тимсолидир.
Мустақиллик — бу, аввало, ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини асраш, она тили, дини, маданияти ва урф-одатларини эркин ривожлантириш имкониятидир. Истиқлол йилларида мамлакатимизда таълим, илм-фан, маданият, иқтисодиёт, тиббиёт ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Бугунги кунда юртимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз истеъдод ва қобилиятларини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Янги мактаблар, олий таълим муассасалари, замонавий корхоналар ва ижтимоий объектларнинг барпо этилиши халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, хадис, тафсир, ислом тарихи, маданиятига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизни илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Ҳоссатан бу йил Рамазон ойи га муносиб совға сифатида очилган “Ислом Сивилизатця илмий татқиқот маркази” ни очилиши хам мусулмон олами олдида улкан ишлардан бўлди. Халқимиз барча соҳада эмин-эркин сайъ-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлиб, динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этилиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат жамғармаси ихтиёрига топширилди. Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Яратган Тангримиз ояти каримада: “... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”,- деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар. Инсон ўзидаги неъматларни қадрини унинг устида мулохаза юритиш, шу неъматлардан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳ таъолога хуш келади. Натижада неъматларни янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Сўнги йилларда гувоҳи бўлиб турганимиз, диний соҳада жадал ислоҳотлар давом этмоқда. Янги масжидлар очилиши, эскиларини қайта таъмирланиши, Умра зиёратининг қайта йўлга қўйилгани, ҳаж зиёратининг қайта йўлга қўйилганлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази қурилиши қизғин давом этаётгани ва бошқа шу каби ишлар халқимиз маънавий ҳаётига кўтаринки кайфият олиб келди. Бундай ислоҳотлар ҳур, истиқболи порлоқ ватанимизга ярашади, албатта. Яна шуни унутмаслигимиз лозим, бундай ислоҳот-у ютуқлар одилона олиб борилаётган сиёсат, халқни рози қилиш учун қаттиқ ҳаракат ва тинчлик хотиржамликнинг натижасидир. Мана шу тинчлик фаровонликни сақлаб қолиш ҳар бир катта-кичик ватандошнинг бурчидир.
Мустақиллик бизга тинчлик ва осойишталикнинг қадрини англаш, Ватанни севиш ва унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш масъулиятини ҳам юклайди. Зеро, юрт равнақи ҳар бир фуқаронинг ҳалол меҳнати, билим ва интилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, халқимиз тарихига ҳурмат ва келажакка ишонч туйғуларини шакллантириш муҳимдир. Ҳар биримиз ўз вазифамизни сидқидилдан бажариб, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшсак, мустақиллигимиз янада мустаҳкам бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак жаннат макон юртимизда жорий 2026 йил- “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида барча сохалар қатори диний ва манавий сохаларда фаол ислохотларни шоҳиди бўлиб турибмиз. Юртимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори хар бир сохага ва хар бир юртдошларимизни хонадонларига, ўзаро муносабатларига том маънода кириб бормоқда. Бу чақириқ хар бир ватандошимизни қалб нидоси ва виждон амридир.
Яратгандан истиқлолимизни бардавом ва халқимиз фаровонлигини бунданда юксак бўлишини сўраймиз.
Манбалар асосида тайинланди.
Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон туман бош имом хатиби ва
“Саидхон Эшон”жоме масжиди имом хатиби