Жамият аъзоларига муносабат

МЎМИННИНГ АМАЛЛАРИ УЧ ТУРЛИДИР.

МЎМИННИНГ АМАЛЛАРИ УЧ ТУРЛИДИР.

Мўмин мусулмон киши дунё ҳаётида ўзи учун маъқул бўлган, ҳаёти ва оҳиратида манфаат топадиган амалларни қилишга одатланган. Инсон ўзи яшаб турган жамиятига қанча кўп фоидаси тегса омма уни яхши кўради, улуғлайди ва унга эргашади. Бунинг акси бўлса ҳалқ орасида нафратга учраб Ҳолиқ ҳузурида маломатга қолади. 

Бугунги яшаб турган давримизда мўмин мусулмонларни орасига фитна сочаётган, ноҳақ қонлар тўкилишига сабабчи бўлаётган, тинч оилалрни пораканда қилаётган, икки мусулмонни ўртасида адоват пайдо қилаётган кимсалар пайдо бўлмоқдаки, улар фақат ўзларининг жирканч ниятларини амалга оширишда соддадил мўмин мусулмонлардан фойдаланишмоқда. Ҳолбуки Ислом дини асрлар давомида инсонларни ҳамжиҳатлик, бағри кенглик, илм-маърифатлик, ўз юрти ва оиласига садоқатли роббисини розилиги йўлида динини мустаҳкам ва ақидасини соғлом бўлиши учун эзгуликка чақириб келаётган диндир. 

Динимизнинг асосий манбаси саналмиш Қуръон оятларида ва ҳадиси шарифларда ҳам дунё ҳаётида тинчликка, бирдамликка, тафриқага ажрамасликка, ота-онаси, яқин қариндош ҳамда жамиятга яхшилик қилишга тарғиб этилади. Лоқайдлик, манманлик ва беодобгарчиликдан қайтарилади. Мусулмон мусулмонга ўз туғишган яқинларидек муомала қилиши, ўзга дин вакилларига гўзал ҳулқи билан ўрнак бўлиши, жамият тараққиёти йўлида бирлашмоғи лозим. 

Башарият саййиди пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматни адашмоқлик ва ўзгаларни адаштирмоқдан қайтарганлар ҳамда мусулмон умматининг амалга ошириши лозим амаллари уч қисмдан иборат экани ҳақида шундай деб айтганлар: Ибни Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар : Мўминнинг амаллари уч қисмдан иборатдир. Энг тўғри бўлган иш бунга эргашинг, ўз мақсади учун бўлган иш бундан сақланинг, ихтилоф чиқарадиган иш буни ҳукмини Аллоҳ таолога топширинг” (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадис бизни тафаккурга чорлайди. Айни дамда биз эргашмоғимиз лозим бўлган иш Аҳли сунна вал жамоа уламолари ақида ва амалда кўрсатган йўллари. 

Сақланишимиз шарт бўлган иш эса бугунги кунда мусулмонлар орасида фирқаланишга ҳаракат қилаётган, тинч эмин-эркин масканларидан ватангадоликка тарғиб этаётган, бу йўлда ўзларининг манфаатларини кўзлаб соддадил мусулмонларни ҳаётини ҳавфга солаётган кишиларнинг ишларидан, алдовларидан, фитналаридан сақланишдир. 

Иҳтилофли иш бу ислом дини тамойилида,расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари ҳамда саҳобалар йўлини оғишмай амалида бўлган мужтаҳид зотларнинг сўзлари амалларида ҳилоф қилаётган, ўзлари мукаммал билмаган нарсаларида мусулмонлар орасига иҳтилофли масалаларни қўйиб чалғитаётган ишларда унинг асл ҳукмини билгучиларга ҳавола қилишимиз бўлади. Аллоҳ барчамизни энг тўғри бўлган йўлдан боришлик бахтига муяссар ва муваффақ этсин.

Манба асосида тайёрланди. 
Қодиржон Ибрагимов,
 Уйчи тумани “Ахси” жоме 
масжид имом-хатиби

Related posts