• Home
  • Раддия
  • МАЗҲАБСИЗЛИК ДИНСИЗЛИККА ОЛИБ БОРАДИ.
Раддия

МАЗҲАБСИЗЛИК ДИНСИЗЛИККА ОЛИБ БОРАДИ.

МАЗҲАБСИЗЛИК ДИНСИЗЛИККА ОЛИБ БОРАДИ.

Маълумки, Ислом динининг асли Аллоҳ таоло ва Расулига итоат этишдир. Раббимиз бундай марҳамат қилади:  «Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади» (Нисо сураси 80-оят)                                                               .  

Тоат-ибодат, муомала масалаларида Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинади. Солиҳ салафлар мужтаҳид имомлар Аллоҳ ва Расулига итоат қилишда камчиликка йўл кўймаганлар. 

Қуръон ва суннатда баъзи ҳукм-кўрсатмалар борки, уни тушуниб олиш, мақсадни англаб етиш муайян даражада илм-фаросат кўникма талаб қилади. 

Шундай пайтда уламолар ижтиҳодига муҳтож бўламиз.  

Ҳар кимнинг ўзи билганича Қуръон ва суннатдан хукм олиши жуда хатарли ва ҳалокатлидир.  

Саҳобалар, тобеинлар ва нубувват чашмасидан баҳраманд бўлган салафи солиҳлар Куръон нозил бўлган муҳит ва вақтга яқин бўлганлари, ўша давр тили ва шароитини яхши билганлари учун шариатнинг асосий манбаларини ҳозирги давр одамларидан бир неча карра яхшироқ тушунишган. Шунинг учун биз оят ва ҳадисларни англашда ақлимизга эмас, балки мужтаҳид имомларга, мазҳаб бошиларга эргашмоғимиз шарт. Бу билан биз (бузғунчи тоифалар айтганидек,) Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб, бир олимга эргашган бўлмаймиз. 

Илм билан шуғулланмаган ва маълум масалаларда ўзларининг ижтиҳодлари бўлмаган саҳобалар ҳам фақиҳ саҳобаларга мурожаат қилиб уларнинг маслаҳатлари бўйича иш тутишгани тарихдан маълум. 

Таъкидлаш жоизки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида саҳобалар муайян шаръий масала чиқиб қолса, ўзларига мурожаат қилиб ечимини топишган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича ўзларининг орасида мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. 

Тобеинлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган йўлни тутиб, ўзларининг орасидаги муждаҳидларга эргашганлар. Ибн Қайюм ўзининг  “Аъломул  муваққиъийн  ъан Роббил-ъаламийн” китобида бундай ёзган:  “Дин фиқҳ ва илм бу умматга Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собитнинг шогирдлари, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари орқали тарқалди”.  

Машҳур  аллома  Ибн Ражаб ўзининг  "Ар-Радду ъала ман иттабъа ғойрил мазааҳибил-арбаъ"  деб номланган  асарида: "Кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган", деб ёзган.  

Шундай экан бугунги кундаги бемазҳабликни тарғиб қилувчи бузғунчи оқимлардан келтириб чиқараётган таҳдидлар, умум эътироф этилган фикҳий мазҳаблар ҳамда ақидавий таълимотларни тан олмаслик оқибатида келиб чиқаётган салбий оқибатлардан ёш авлодни огоҳ этиш барчамиз олдимиздаги муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда.  Аллоҳ таъоло ўзи ҳақ йўлдан адаштирмасин. 

Назиржон Қўчқаров,
Наманган туман “Умарбой ҳожи” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts