• Home
  • Раддия
  • МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК-ФИТНА ВА ИХТИЛОФНИНГ САБАБИДИР
Раддия

МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК-ФИТНА ВА ИХТИЛОФНИНГ САБАБИДИР

МАЗҲАБГА ЭРГАШМАСЛИК-ФИТНА ВА ИХТИЛОФНИНГ САБАБИДИР

Бугунги кунда мусулмонлар орасида "Мазҳабга эргашиш шарт эмас", "Фақат Қуръон ва ҳадиснинг ўзи кифоя", "Имомларга эргашманг" деган даъволар тез-тез учраб турибди. Бу даъволар кўплаб содда мусулмонларнинг қалбига шубҳа солмоқда. Аслида эса, бу гаплар Ислом уламоларининг ўн тўрт асрдан ортиқ давом этиб келаётган илмий меросига зид фикрлардир.
Энг аввало мазҳаб ҳақида тушинчага эга бўлишимиз керак.

Мазҳаб нима?

Мазҳаб — Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқаришнинг илмий усулидир. Мазҳаб янги дин эмас, балки Қуръон ва суннатни тўғри тушуниш ва унга амал қилиш йўлидир.
Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳаблари Қуръон ва суннатга энг чуқур илм билан хизмат қилган буюк мужтаҳид имомлар томонидан асос солинган.

Ҳар ким Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариши мумкинми?

Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: Агар билмасангиз, илм аҳли (зикр эгалари)дан сўранг. (Наҳл сураси, 43-оят).

Бу оят ҳар бир инсон Қуръон ва ҳадисдан мустақил ҳукм чиқара олмаслигини, билмаган масалада илм аҳлига мурожаат қилиш лозимлигини билдиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилади. деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис динни чуқур тушуниш алоҳида илм ва фазилат эканини кўрсатади.

Мазҳабга эргашмасликнинг хатолари. 

  1. Қуръон ва ҳадисни нотўғри тушунишга олиб боради

Қуръони карим араб тилининг энг балоғатли услубида нозил бўлган. Уни тушуниш учун араб тили, тафсир, насих-мансух, ҳадис илми, фиқҳ усули ва бошқа кўплаб илмларни билиш зарур.

Шунинг учун буюк уламолар умрларини шу илмларга бағишлаганлар.

  1. Нафсга эргашишга сабаб бўлади

Мазҳабсиз одам кўпинча ўзига қулай ҳукмни турли жойлардан йиғиб олади. Бугун бир олимнинг, эртага бошқа олимнинг энг енгил фатвосини олиб юради.

Бу эса динга эмас, нафсга эргашишдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми? дейди (Жосия сураси, 23-оят).

  1. Фитна ва бўлинишга сабаб бўлади

Ҳар ким ўзича Қуръон ва ҳадисни шарҳласа, минглаб турли фикрлар пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинглар ва бўлиниб кетманглар. дейди (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Мазҳаблар эса азал-азалдан барча мусулмонларни тартибли фиқҳий йўл асосида бирлаштириб келган.

4. Уламоларни менсимасликка олиб келади

Баъзи кишилар: Имом Абу Ҳанифа ҳам оддий одам бўлган, дейдилар.

Ҳолбуки, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ минглаб устозлардан илм олган, юз минглаб масалаларни Қуръон ва суннат асосида тартибга солган буюк мужтаҳид эди.

Оддий мусулмон ўзини бундай улуғ зотлардан устун қўйиши катта хатодир.

Мазҳабга эргашмаслик гуноҳми?

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг баёнига кўра, ижтиҳод даражасига етмаган одамнинг мужтаҳид имомлардан бирига эргашиши вожиб ҳисобланади.

Ўзича ҳукм чиқаришга уриниш, илмга эга бўлмай туриб фатво бериш ёки мазҳабларни инкор этиш оғир хатодир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: Ким Қуръон ҳақида ўз фикри билан гапирса, бас, дўзахдаги ўрнига тайёр бўлсин.” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадис илмга таянмай дин ҳақида гапириш нақадар хавфли эканини билдиради.

Тўрт мазҳаб — умматнинг буюк неъмати

Тўрт мазҳаб бир-бирига душман эмас. Уларнинг барчаси Қуръон ва суннатга хизмат қилган.

Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ Ислом тарихининг энг улуғ фақиҳлари саналадилар.

Улар динни осонлаштириш эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини энг тўғри тушунишга хизмат қилганлар.

Хулоса ўрнида яна шуни эслатиб ўтмоқчимиз. 

Бугун мазҳаб керак эмас деган чақириқлар кўпинча илмнинг камайиши ва фитнанинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Мўмин инсон динини интернетдаги қисқа видеолар ёки сохта фатвочиларнинг шахсий фикрлар билан эмас, балки ишончли уламолар ва асрлар давомида синовдан ўтган фиқҳ мактаблари ва асарлари орқали ўрганиши лозим бўлади.

Мазҳабга эргашиш Қуръон ва суннатдан юз ўгириш эмас, балки уларни буюк мужтаҳидлар тушунган йўл билан англашдир.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлда собитқадам қилсин, илмли уламолар йўлидан юришни барчамизга насиб этсин ва ҳозирги кунда баъзи мусулмонларни адашишларига сабаб бўлаётган фитналардан Ўзи асрасин. 

Муҳаммадшокир Бобоҳўжаев, 
Норин тумани Умарҳўжа эшон” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts