• Home
  • Раддия
  • МАРҲУМЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА УЛАР ҲАҚҚИГА ҚУРЪОН ЎҚИШ: АҲЛИ СУННА ТАЪЛИМОТИДА САВОБ ЕТКАЗИШ МАСАЛАСИ
Раддия

МАРҲУМЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА УЛАР ҲАҚҚИГА ҚУРЪОН ЎҚИШ: АҲЛИ СУННА ТАЪЛИМОТИДА САВОБ ЕТКАЗИШ МАСАЛАСИ

МАРҲУМЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА УЛАР ҲАҚҚИГА ҚУРЪОН ЎҚИШ: АҲЛИ СУННА ТАЪЛИМОТИДА САВОБ ЕТКАЗИШ МАСАЛАСИ

Инсон — Аллоҳ таолонинг ер юзидаги энг азиз ва мукаррам махлуқидир. Унинг қадри ҳаётлигида ҳам, вафотидан кейин ҳам сақланиб қолади. Ислом дини инсонни нафақат тириклигида ҳурмат қилишга, балки дунёдан ўтганидан кейин ҳам уни яхши хотира билан ёд этишга чақирган.
Чунки мўминнинг ҳаёти унинг вафоти билан тугамайди. У дунё манзилидан охират манзилига кўчади. Ортида қолган яқинлари, фарзандлари ва дўстларининг дуолари эса унга раҳмат эшикларини очувчи хайрли туҳфага айланади.

Шунинг учун ҳам мусулмон халқлар асрлар давомида ота-онасини, устозларини, қариндошлари ва азизларини яхши хотира билан эслаб келганлар. Уларнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилиш, дуо қилиш ва хайр-эҳсонлар улашиш мусулмончиликнинг гўзал анъаналаридан бири бўлиб келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Ўлганларингизнинг яхши хислатларини эсланглар, ёмонликларини тилга олишдан тийилинглар”. (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари)

Бу ҳадис мусулмонни марҳумларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишга, уларнинг яхши амалларини ёд этиб, хайрли дуолар қилишга чорлайди.

ДУО — МЎМИН УЧУН ТУГАМАС ТУҲФА

Қуръони каримда мўминларнинг ўзларидан аввал ўтган мусулмонлар ҳаққига дуо қилишлари мақталган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улардан кейин келганлар: “Эй Роббимиз! Бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин”, дерлар». (Ҳашр сураси, 10-оят)
Мазкур оят мусулмоннинг фақат ўзи учун эмас, балки вафот этган мўминлар учун ҳам дуо қилиши машруъ эканини кўрсатади.

Агар дуо марҳумларга фойда бермаганида, Қуръони карим бундай дуони таълим бермаган бўлар эди.

ҚУРЪОН ТИЛОВАТИ ВА ХАЙР-ЭҲСОН САВОБИ ЕТАДИМИ?

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари инсон ўз амалининг савобини бошқа бир мусулмонга, хусусан марҳумларга бағишлаши мумкинлиги ҳақида иттифоқ қилганлар.

Мотуридий ақидасининг машҳур намояндаси Абу Ҳафс ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ шундай ёзганлар: «Тирикларнинг ўликлар учун қилган дуо ва садақаларида улар учун фойда бордир. Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилади ва ҳожатларни раво қилади».

Шунингдек, машҳур ҳанафий ва мотуридий олим Сирожиддин ал-Ўший раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Бадъ ул-амолий» асарларида: «Дуоларда етук таъсир бор, уни фақат аҳли залолат инкор қилади», деб таъкидлаганлар.
Бу фикрлар аҳли сунна вал-жамоанинг асрлар давомидаги эътиқодини ифода этади.

«АЛ-ҲИДОЯ»ДАГИ МУҲИМ ҚОИДА

Фиқҳ илмининг энг машҳур манбаларидан бири бўлган Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-Ҳидоя» асарида қуйидаги муҳим қоида келтирилган:
«Инсон ўз амалининг савобини — у намоз бўлсин, рўза бўлсин, садақа ёки бошқа хайрли амал бўлсин — ўзидан бошқаси учун бағишлаши аҳли сунна вал-жамоа наздида жоиздир».

Бу қоидадан маълум бўладики, Қуръон тиловати, садақа, дуо ва бошқа хайрли амалларнинг савобини марҳумларга бағишлаш аҳли сунна уламолари томонидан қабул қилинган масалалардандир.
МАРҲУМЛАРНИ ЭСЛАШ — ВАФО АЛОМАТИ

Инсоннинг ўз вафот этган ота-онасини ёд этиши, улар ҳаққига дуо қилиши ва хайр-эҳсон улашиши нафақат диний амал, балки инсоний вафонинг ҳам ифодасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир киши: «Ота-онам вафот этганларидан кейин уларга яхшилик қилишнинг йўли борми?» — деб сўраганда, у зот: «Ҳа, улар ҳаққига дуо қилиш, истиғфор айтиш ва уларнинг аҳдларига вафо қилишдир», дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти)

Бу ҳадисдан ҳам кўринадики, вафот этган инсон билан алоқа бутунлай узилиб кетмайди. Дуо ва яхши амаллар орқали фарзанд ўз ота-онасига яхшилик қилишда давом этади.

ХУЛОСА

Марҳумларни яхши хотира билан эслаш, улар ҳаққига Қуръон тиловат қилиш, дуо қилиш ва садақа бериш мусулмон уммати орасида асрлар давомида амал қилиб келинаётган хайрли анъаналардандир.

Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг баёнотлари шуни кўрсатадики, дуо ва хайрли амалларнинг савоби Аллоҳ таолонинг иродаси билан марҳумларга етиши мумкин.

Шунинг учун мусулмон киши вафот этган яқинларини фақат хотираларда эмас, дуоларида ҳам яшатиши лозим. Зеро, қабр аҳли учун энг қимматли совға — тирикларнинг самимий дуоси ва ихлос билан қилинган хайрли амалларидир.

Аллоҳ таоло ўтган барча мўмин-мусулмонларни Ўз раҳматига олсин, қабрларини нурга тўлдирсин ва бизни ҳам улар ҳаққига дуо қилувчи солиҳ бандаларидан айласин. 


Хайруллоҳ Ҳамроқулов,
Тўрақўрғон туман “Абдуғаффор қори” жоме 
масжид имом хатиби

Related posts