Олдимизда кўп мусулмонлар тарк қилиб қўйган суннат турибди. Бу ўлимни кўп эслаш суннатидир. Бу суннатга бепарволик сабаб одамлар оммавий равишда ўлимни ёмон кўриб қолганлар. Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳга йўлиқишни яхши кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради. Ким Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўрса, Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради", дедилар. Мен:"Ё Аллоҳнинг Набийси ўлимни ёмон кўриш? Бизлар ҳаммамиз ўлимни ёмон кўрамизку ", дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ундай эмас лекин мўмин кишига Аллоҳнинг раҳмати,ризоси ва жаннати башорат қилинса, Аллоҳга йўлиқишни яхши кўради.Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни яхши кўради.Агар кофирга Аллоҳнинг азоби ва ғазаби хабари берилса, у Аллоҳга йўлиқишни ёмон кўради. Аллоҳ ҳам унга йўлиқишни ёмон кўради", дедилар. Оиша розияллоҳу анҳонинг гапларидан одамларнинг ҳаммаси ўлимни ёмон кўриши собит бўлади. Набавий суннат эса кишини ўлимни кўп эслашга чақиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаё – ўлимни ва қабрда чиришни эслашдир», деганлар.
Дарҳақиқат, ўлим ва ундан кейин бўладиган ҳолатларни ўйлаш инсоннинг гуноҳдан қайтишига сабабчи бўладиган энг кучли воситалардан биридир.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Биродар, қаердан биласан, балки бугун бозорга келган мато сенинг кафанинг бўлар?» деганлар.
Машойихлар: «Ўлимнинг келиши аниқ, лекин ўлганда кафан билан кетиш гумон», дейишган.
Шунинг учун инсон ҳар қадамида, ҳар лаҳзада ўлимга тайёр туриши керак.
Ўлим қай ҳолатда келишини ким билади?
Ҳадиси шарифда: «Қандай ҳолатда яшаган бўлсангиз, ўлим шундай ҳолатда келади», дейилган.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Лаззатларни кесувчини кўп зикр қилинглар", дедилар. Яъни ўлимни ўлимни кўп эслаган инсон Аллоҳ таолога қайтишини ўйлайди. Ким ўлимни кўп эсласа, охирати учун амал қилади. Гуноҳидан тавба қилади. Яхши амалларни зиёда қилади. Мана шунинг ўзи ҳикматдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимни кўп зикр қиладиган кишини зийрак ва заковатли инсон, деб таъкидлаганлар.
Кўпчилик ўлимга тайёргарлик деганда ёшини яшаб, ошини ошаган қарияларни кўз олдига келтиради. Гўёки, ўлим фақат қарияларга келадигандек, бошқаларга келмайдигандек. Аслида бундай эмас. Ўлим бу ҳали ёш, бу қари экан, деб танлаб ўтирмайди.
Яна: «Ўлимга тайёргарлик кўриш», деганда баъзилар яқинлари дафн этилган мозордан ўзига жой банд этиб, кафанлик ҳозирлаб қўйишни тушунади. Тўғри, бу ҳам ўлимни бўйнига олиб, унга ҳозирлик кўриш. Зотан, бу амаллар тириклар зиммасидаги бурчдир. Буларни марҳум қилиши шарт эмас. Ўлимга тайёргарлик деганда, Аллоҳнинг ва бандалар ҳақини адо этиш ва борар манзили роҳатгоҳ бўлиши учун солиҳ амалларни бажариш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: «Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) манзурдир». («Исро» сураси, 19-оят).
Ибн Можа ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим Ансорлардан бўлган бир киши олдиларига келиб, у зотга салом берди ва: "Эй Аллоҳнинг Расули, мўминларнинг қайсиси энг афзали?деди.У зот "Хулқи яхшиси", дедилар. Ҳалиги киши:" Мўминларнинг қайси бири энг зийраги?"деди. У зот:"Ўлимни кўп зикр қиладиган, ундан кейинги нарсага кўп тайёрланадиган, ана ўшалар энг зийракларидир", дедилар". Ўзимизга ўлимни кўп эслатайлик, мана шу ҳар бир мўмин қилиши лозим бўлган ишдир.
Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани бош имом хатиби