Ҳар йили мусулмон оламида икки улуғ ва муқаддас байрам – Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити нишонланади. Бу кунлар илоҳий раҳмат, сабр, саховат ва бағрикенгликнинг юқори чўққиси сифатида мусулмон қалбида чуқур ўрин тутади. Аллоҳ таоло бу кунларни ўз бандасига иноят сифатида, қилган ибодат ва фидокорликларининг ажри, мукофоти сифатида ато этган. Аммо афсуски, баъзан айрим инсонлар ушбу нурли кунларни ғам-андуҳ, руҳий тушкунлик ила ўтказишади. Шунинг учун яна бир бор таъкидлаш жоиз: Ҳайит – бу байрам, аза эмас!
Ҳайит тонгида масжидлар илоҳий нурга тўлади, юртдошлар бир-бирини табриклайди, болаларга ширинликлар улашилади. Одамлар юзидан табассум, қалбидан эса меҳр ва шафқат юз очади. Бу – бирлик ва шодлик, умид ва шукр кунидир. Демак, ҳайит кунини қайғу билан ўтказиш, юракни ғамга тўлдириш – бу байрамнинг маънавий моҳиятига мутлақо зиддир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Рамазон ҳайитига яқин вақтда Бадр ғазоти содир бўлган. Ушбу машҳур жанг ислом тарихи учун улкан бурилиш нуқтаси бўлиб, ривоятларга кўра, Бадр ғалабасидан кейин келган Рамазон ҳайити мусулмонлар учун янада шоду хуррам ва тантанали ўтган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни саҳобалар билан бирга байрам кайфиятида бўлганлар. У зот ҳеч бир инсонни ёлғиз, ғамгин ҳолда қолдирмас, ҳамманинг қалбига қувонч улашар эдилар. Ушбу улуғ намуна ҳар бир мусулмон учун ибрат манбаи бўлмоғи керак.
Қурбон ҳайити эса Аллоҳга бўлган итоат, садоқат ва фидокорлик тимсоли ҳисобланади. Қурбонлик қилиш – фақатгина ҳайвон сўйиш эмас, балки ўз нафсини, манманлигини, худбинлигини қурбон қилиш, муҳтожларга, етимларга, қариндош-уруғларга меҳр кўрсатиш демакдир.
Ҳайит – бу Аллоҳ таоло томонидан мўмин-мусулмон умматга берилган шодлик ва марҳамат кунидир. Бу кунда аза тутиш, ғам-қайғуга ботиш шариатга мутлақо зид амал ҳисобланади. Агар ҳайит кунида аза тутиш мақбул ва савобли иш бўлганида, энг аввало, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг муборак саҳобалари бундай қилган бўлар эдилар. Аммо ислом тарихи ва суннат манбаларида ҳайит куни ғам тўккан, юз кўкартиб аза тутган бирор саҳоба ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳеч қандай ривоят йўқ.
Ҳайит куни аза тутиш – бу динимизда асоси йўқ бидъатдир. Аллоҳ таоло инсонга ҳайитни шодлик, мукофот ва раҳмат сифатида ато этган экан, уни қайғу ва аза билан алмаштириш – бу неъматга ношукурлик ва адашиш ҳисобланади. Ҳайит – бу руҳий покланиш ва Аллоҳга шукр қилиш кунидир, на аза, на ғамга бурканиш вақти.
Биз яқинларимизни, ота-она ва азизларимизни эслашимиз табиий ҳол. Аммо бундай ёдга олиш – аза ва қайғу шаклида эмас, балки улар номидан қилинган хайрли амаллар, садақалар ва фойдали ишларнинг сабабчиси бўлиши лозим. Аммо ҳайит каби нурли кунларда тириклар орасида ғам тарқатиш, шодлик муҳитини бузиш – нафснинг тузоғидир.
Шу сабаб, ҳайитни қалбимизда шукр, юзимизда табассум, ҳаётимизда хайр ва саховат билан қарши олишимиз даркор. Бу кунни синовлардан сўнг келган мукофот сифатида, Аллоҳнинг марҳаматини ҳис этиш фурсати сифатида қабул қилайлик. Яқинларимизни дуо билан ёдга олайлик, лекин тириклар ичида шодлик ва меҳр-муҳаббат улашишни унутмайлик. Чунки: Ҳайит – бу байрам, аза эмас!
ЎМИ Наманган вилоят вакиллиги
ёшлар билан ишлаш бўйича
мутахассис Азимхон Махмудов