Таълим тарбия

КИТОБНИ СЕВАЙЛИК

КИТОБНИ СЕВАЙЛИК

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-санолар бўлсинки, бугунги кунда биз имкониятлар кенг очилган, қулайликлар замонида истиқомат қилиб турибмиз. Биргина мисол. Қўлимиздаги ушбу мўъжазгина телефон деган қурилмани олайлик. Бу орқали бир қанча ишларни битирябмиз. Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилишда бунинг ўрни жуда муҳим. Шулардан бири, унинг ичига томлаб китобларни юклаб олишимиздир. Буюк ватандошимиз имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг "Ал-жомеъ ас-саҳиҳ" асарини олайлик. Шу китобни ёзиш учун имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ минглаб чақирим йўл босиб ўтганлар. Яъни, ҳар-битта ҳадисни синчиклаб ўрганиш учун 16 йил умрлари кетгани ҳақида муаррихлар зикр қилиб ўтганлар. Муҳаддислардан Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ шундай эслайди: «Абу Абдуллоҳ билан сафарга чиқадиган бўлсак, фақат қаттиқ совуқдагина бир уйда ётар эдик. Мен унинг бир кечада ўн беш, йигирма марта туриб чақмоқни олиб чироқ ёққанини, сўнгра ҳадисларни чиқариб белгилаб яна бошини ёстиққа қўйганини кўрар эдим». Яъни, мазкур жамланма Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг улкан машаққати туфайли дунёга келган. У зот ушбу китобда 7275 та саҳиҳ ҳадисларни жамлаб, ўзларидан кейинги авлод учун бебаҳо хазинани қолдириб кетди. Мана шундай қийинчиликлар ортидан таълиф қилинган китобни, биз арзимаган маблағ эвазига интернет орқали телефонимизга тушириб олишимиз мумкин. Ҳудди шунингдек, бошқа фиқҳий, ақидавий ва бадиий китобларни ҳам. 

Ушбуларни зикр қилишимизнинг боиси, айрим ёшларимиз қўлларидаги телефондан унумли фойдаланмасдан, китобларни юклаб, бўш вақтларида мутолаа қилиш ўрнига турли ўйинлар, беҳуда нарсалар билан оворалар. Ваҳоланки, китоб мутолааси инсон учун уша нарсалардан минг чандон манфаатлидир. Уламолар айтадилар: "Дунё ва охират учун фойдали китобларни ўқиш, ҳоҳ у диний мазмунда бўлсин, ҳоҳ бадиий бўлсин ёки реал воқеликка асосланган асар бўлсин, албатта уни ўқиган кимсанинг савияси юксалади, ақли бутун бўлади ва мутолаа уша инсоннинг ҳифзи, яъни хотираси мустаҳкам бўлишида ўз сўзини айтади. Кўп китоб ўқиган кишининг сўз бойлиги ортади, фикри тиниқлашади, мулоҳазасини аниқ ва равшан баён этишига ёрдам беради". 

Хулоса шуки, яна қайтарамиз, бугун биз имкониятлар даврида, неъматларга кўмилган пайтда истиқоматдамиз. Бу вақтларни, ҳар-бир дақиқанинг қадрига етайлик. Зеро, китоб ўқиш, ундан манфаат олиш, у орқали инсон билмаган нарсасини кашф этиши ва ўзининг устида ишламоғи бу барчаси талаби илмдир. Яъни, толиби илмга қандай насиба ажратилган бўлса, китобхонга ҳам, иншааллоҳ, шундай даража берилади. 

Муҳаддис Ибн Досаҳ айтади: "Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг бир енги кенг, иккинчиси тор эди. У зотдан бунинг сабаби сўралганда шундай деган эди: "Кенг енгим китоб солиб юриш учун, тор енгимга эҳтиёж йўқ". 

Аллоҳ таолодан сўрайлик, токи аждодларимиз йўлига қайтиб, китобни севиб, ардоқлаб, ундан истифода олишга муваффақ қилсин! 

 

Қодирхон Мамажажанов, 
Янгиқўрғон тумани “Мамай” жоме  
масжиди имом хатиби 

Related posts