Инсон ҳаёти давомида турли инсонлар билан муомала қилади. Баъзан яқинлари, дўстлари ёки бошқа одамлар томонидан озор кўриши, ранжиши мумкин. Бундай вазиятларда нафс қасос олишни, ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришни хоҳлайди. Аммо Ислом дини мўминларни кечиримли бўлишга, адоват ва гина-кудуратни қалбдан чиқаришга даъват этади.
Кечиримлилик — бу заифлик эмас, балки қалбнинг қудрати, иймоннинг камолоти ва буюк ахлоқнинг белгисидир. Кечира олган инсон нафақат бошқаларни, балки ўз қалбини ҳам азобдан қутқаради.
Қуръонда кечиримлиликнинг фазилати ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ёмонликнинг жазоси ўзига ўхшаш ёмонликдир. Ким афв этса ва ислоҳ қилса, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир.” (Шуро сураси, 40-оят)
Ушбу оят инсоннинг ҳаққи бўлса ҳам, кечириш афзал эканини билдиради. Чунки кечиримли кишининг мукофотини бевосита Аллоҳнинг Ўзи ваъда қилмоқда.
Яна бир оятда: “Афвни тутинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг.” дейди. (Аъроф сураси, 199-оят)
Бу оят мусулмоннинг ҳаёт дастури бўлиб, унда кечиримлилик ва бағрикенгликка катта ўрин берилган.
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади: “Улар ғазабларини ютадиган ва одамларни афв этадиган зотлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади.” (Оли Имрон сураси, 134-оят)
Демак, кечиримлилик Аллоҳнинг муҳаббатига сабаб бўладиган улуғ амаллардан биридир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кечиримлиликда умматларига энг гўзал намуна бўлганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алаҳҳи васаллам инсоният тарихидаги энг кечиримли зот эдилар. Ҳолбуки, мушриклар у зотни масхара қилдилар, ҳақорат қилдилар, тошбўрон қилдилар, жудда кўп азобларни ва қийноқларни беришди, саҳобаларни ҳам қийнадилар.
Макка фатҳ қилинган куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам қасос олиш имкониятига эга бўлдилар. Аммо у зот: “Бугун сизларга маломат йўқ. Боринглар, ҳаммангиз озодсизлар сизларни кечирдик”, дедилар.
Бу кечиримлилик тарихдаги энг буюк афвлардан бири бўлиб қолди ва бу кечиримлилик қанча инсонларни ислом динини қабул қилишига сабаб бўлган.
Ҳадисларда кечиримлилик
Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам дедилар: “Садақа молни камайтирмайди. Аллоҳ афв қилган бандасининг фақат иззатини зиёда қилади.” (Имом Муслим ривояти)
Демак, кечириш инсонни хор қилмайди, аксинча унинг обрўси ва мартабасини оширади.
Яна Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Раҳм қилганларга Раҳмон раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинглар, осмондаги Зот сизларга раҳм қилади.” (Имом Термизий ривояти)
Кечиримлилик раҳм-шафқатнинг энг гўзал кўринишларидан биридир.
Кечиримлиликнинг фойдалари
Аллоҳнинг мағфиратига сабаб бўлади
Ким инсонларни кечирса, Аллоҳ ҳам унинг гуноҳларини кечиради.
Аллоҳ таоло айтади: “Кечирсинлар ва афв эцинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хоҳламайсизларми?” (Нур сураси, 22-оят)
Қалбни хотиржам қилади
Гина ва адоват қалбни сиқади. Кечирим эса қалбга ҳузур ва таскин олиб киради.
3. Жамиятда меҳр-оқибатни кучайтиради
Агар ҳар бир инсон хатоларни кечиришни ўрганса, оилаларда, маҳаллаларда ва жамиятда низолар камаяди.
4. Иймоннинг камолотидан далолат беради
Нафс қасос олишни истайди, аммо иймон афв этишга ундайди.
Салаф солиҳларнинг кечиримлилиги
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида машҳур воқеа бор. У кишига туҳмат ишида қатнашган қариндошларидан бирига моддий ёрдам бериб турардилар. Кейинчалик унга ёрдам беришни тўхтатдилар. Шунда Нур сурасининг 22-ояти нозил бўлди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Албатта, мен Аллоҳнинг мени мағфират қилишини истайман”, дедилар ва яна ёрдам беришни давом эттирдилар.
Бу воқеа ҳақиқий мўминнинг қалби қандай бўлиши кераклигини кўрсатади.
Кечиримлилик — пайғамбарлар ахлоқи, солиҳларнинг одати ва жаннат аҳлининг сифатидир. Бугун инсонлар бир-бирини кечиришга муҳтож бўлган замонда яшамоқдамиз. Ота-она фарзандини, фарзанд ота-онасини, эр-хотин бир-бирини, қўшнилар ва қариндошлар ўзаро афв этишни ўрганишлари керак.
Ҳаётда шундей инсонларни учратасан бир оилада яшаб қайнона келинига ойлаб гапирмай гина адоватда яшайди у аёлдан сўрасангиз Алҳамду Лиллаҳ мусулмонман, пайгамбар саллоллоҳу алаҳҳи васаллам умматиман дейди қани бу эрда динига, суннатга амал қилиш. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам уч кундан ортиқ гина сақлаган инсон мени умматим эмас деганлар. Қиёмат кунида ул зот ҳузурларига бориб мени шафоат қилинг мен сизни умматингизман десангиз сен мени умматим эмассан сен ёлгончисан, сен гина адоватчисан десалар қаерга борасиз, сизни ким шафоат қилади. Гина адоватчи ва чақимчиларни қиёмат кунида аҳволлари оғир бўлади.
Унутманг, сиз кечирган инсон сизга раҳмат айтмаслиги мумкин, лекин Аллоҳ сизнинг бу амалингизни кўриб туради ва унинг мукофотини Ўзи беради. “Кечира олган қалб — ғолиб қалбдир. Чунки у нафсини енгган қалбдир.”
Аллоҳ таоло барчамизни кечиримли, бағрикенг ва раҳимдил бандаларидан қилсин.
Муҳаммадшокир Бобоҳўжаев
Норин тумани “Умарҳўжа эшон” жоме
масжиди имом-хатиби