Раддия

ҲИЖРАТ ДЕГАНИ НИМА ЎЗИ?

ҲИЖРАТ ДЕГАНИ НИМА ЎЗИ?

Эзгулик дини бўлган Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка, миллатлараро тотувликка тарғиб қилади.

Араб тили луғатида "Ҳижрат" сўзи,  “бирор нарсани тарк этиш, «бир нарсадан қалбан ва жисмонан узилиш»,  «бир жойни ташлаб бошқа жойга кўчиб ўтиш» каби маъноларда ишлатилади.

Ислом тарихига назар солсак Пайғамбаримиз саллaллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Маккада қийинчилик билан бўлсада ислом даъват қилдилар. Натижада, баъзиларнинг қалблари ислом нури билан мунаввар бўлиб таскин топди. Аммо,  кейинчалик вазият янада оғирлашгач Аллоҳ таоло мусулмонларга ҳижрат қилишни буюрди. Дастлаб саҳобалар ва кейинчалик Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Мадина шаҳрига ҳижрат қилдилар яъни кўчиб ўтдилар.

Ҳижрат қилувчилар эса муҳожир бўлиб, Қуръони каримда улар ҳақиқий мўминлар, Аллоҳ ҳузурида уларнинг даражалари буюклиги ҳақида бир қанча оятлар билан мадҳ этилди. Жумладан, Анфол сурасининг 74-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Кейинроқ имон келтириб, ҳижрат қилган ва сизлар билан бирга (ёв билан) курашганлар, айнан ўшалар (ҳам) сизлардандирлар».

Қуръони каримда бу каби оятлар яъни Аллоҳ ва унинг расулининг йўлида ҳижрат қилиш  ҳақидаги кўплаб оятларни учратиш мумкин. Хўш Қуръони карим ва суннати набавийядаги ҳақиқий ҳижрат шуми? Аллоҳ йўли ва Расулининг йўлидан мурод аслида нима эди? Бугунги баъзи «тўдалар» даъво қилаётган,  мусулмонларни  ватангадо, олисларда хору зор қилаётганлар томонидан илгари сураётганлар ўз манфаатлари йўлида талқин қилаётган ҳижрат бу бутунлай нотўғри талқиндир. Зеро, кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда ҳақиқий ҳижрат нима эканлиги кўрамиз. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина ҳадисларида «ҳақиқий ҳижрат» ҳаром, гуноҳ ва ёмон амалларни  тарк этиш, «ҳақиқий муҳожир» эса булардан ўзини тийиб, Аллоҳга итоат қилувчи ва қуллик қиладиган киши эканлигини таъкидлаганлар.

«Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилувчидир» (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Шунингдек, яна бошқа бир ривоятда:

“Бир киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Ё Расулуллоҳ! Қайси ҳижрат фазилатлироқдир» дея сўради: Расулуллоҳ эса «Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк қилишингдир» дея жавоб бердилар” (Имом Насоий ва Имом Абу Довуд ривояти).

Дарҳақиқат,  ҳар доим гўзал динимиз инсонни покликка, тўғриликка, ҳақ йўлга тарғиб қилиб келган.

Умуман олганда ушбу ҳижрат борасидаги оят ҳамда ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳ ман қилган гуноҳларни тарк этиб, Аллоҳ ва Расулига итоат қилиш ниятида «Аллоҳ йўлида» ҳижрат қилган «муҳожир» мўмин бўла олади.

Ҳижратнинг энг асосий маъноларидан бири “тарк этиш” бўлиб, у мусулмоннинг гуноҳларни тарк этишидир. “Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадисга кўра, бунинг маъносини Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деб тушунтирганлар: “Мусулмон бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлганларидир. Муҳожир эса Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқлашиб тарк этган кишидир” (Бухорий, 1/10).

Афсуски, ҳозирги кунда ислом динининг муқаддас тушунчалари бўлмиш «ҳижрат»ни ўз манфаатлари йўлида фойдаланувчилар гўёки, ““ҳижрат” қилиб кетганлар қилган ҳижратларидан қайтишлари гуноҳ бўларкан”, “ҳижратларини тарк этмоқ дуруст эмас экан” шунга ўхшаш фитнали асоссиз гаплар авж олиб бораётганлиги ҳам жуда аянчлидир. 

Демак, юқоридаги қисқача маълумотлардан шу нарсани хулоса қилса бўладики, Қуръони каримдаги ҳижрат муайян бир давр – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари билан бирга Макка шаҳридан Мадина шаҳрига кўчиб ўтишлари билан боғлиқдир. Ўша давр мусулмонлари учун ҳижрат фарз қилинган эди. Макка фатҳ қилиниб, эмин-эркинлик даври бошланганидан кейин эса ҳижрат тўхтатилди. Яъни, ҳижратнинг фарз бўлиш ҳукми бекор қилинди, мансух бўлди. Макка фатҳидан кейинги даврлардан бери то қиёматгача мусулмонларнинг ҳижратнинг гуноҳлардан сақланиш, маъсиятларни тарк этиш, Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиб, бошқа чалғитувчи ва ўткинчи ҳою ҳавасларни тарк қилиш маъноси сақланиб қолди. Аллоҳ бизга гуноҳларни тарк этиб, маъсиятлардан ҳижрат қилиб, Аллоҳ таолога юзланиб, унинг ибодати билан яшаш бахтини насиб қилсин.


Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири Комил”  жоме
масжиди имом хатиби 

Related posts