“Ҳизб ат-таҳрир” ўзининг фаолиятида Ислом динининг соф ақидавий таълимотларига ёт қарашлари билан ажралиб туради. Ушбу партия XX асрда пайдо бўлган энг йирик исломий партия ҳисобланган. Партиянинг асосичиси Тақиюддин Набҳоний ҳисобланади. Ушбу партиянинг олдига қўйган энг катта вазифаси, бутун оламда яна қайта халифаликни тиклашдир. Уларнинг айнан шу мақсадлари юзасидан ислом уламолари биринчи навбатда ягона халифалик давлатини тиклаш борасидаги асосий даъволарини танқид остига олганлар. “Ҳизб ат-таҳрир”нинг даъвосига кўра, “ягона халифа”ни сайлаш Исломдаги муҳим фарзлардан ҳисобланиб, уч кун-дан ортиқ мусулмонларнинг халифасиз яшашлари ҳаром ҳисобланади. Маълумки, бирон нарса ёки ишни ҳаром, деб ҳукм чиқаришга ёлғиз Аллоҳ ва У Зотнинг Пайғамбаригина ҳақлидир. Қолаверса, шариат нуқтаи-назаридан, фарз эса далилида бирор шубҳа йўқ бўлган намоз, рўза, закот, ҳаж каби Аллоҳнинг амрлари ҳисобланади.
Уламоларнинг фикрича, “Ҳизб ат-таҳрир”нинг юқоридаги даъвоси эса, Қуръон ва ҳадисларга зид. Чунки мусулмонларнинг ягона халифа кўл остида яшашлари ҳақида бу икки мўътабар манбаларда қатьий буйруқ мавжуд эмас.
“Ҳизб ат-таҳрир”нинг бу борада келтираётган баъзи ҳадислари эса, барча замон ва маконга бирдек тегишли эмас. Жумладан, улар “Ким-ки, бўйнида байьат бўлмаган ҳолда ўлса, бас, у жоҳилият ўлими билан ўлибди”, деган ҳадисга асосланиб, халифалик давлатида яшаш ҳар бир мусулмонга фарздир, дея даъво қилишади.
Аслида эса, мазкур ҳадис мусулмонларнинг устиларида халифа мавжуд бўла туриб, унга итоат килишга байъат килмаган кишиларгагина хосдир.
Қолаверса, “Ҳизб ат-таҳрир”нинг келтирган бу ҳадиси “оҳод” (мутавотир даражасига етмаган) ҳадис ҳисобланади. Яъни усул ал-фиқҳ (Ислом қонуншунослиги) қоидаларига кўра, суннатлар (ҳадислар) уч қисмга: “мутавотир”, “машҳур” ва “оҳод”га бўлинади. Уларнинг ўзларининг даъволарига кўра, “оҳод” ҳадис, Расулуллоҳ(с.а.в.)дан етиб келиши жиҳатидан ҳаммаси зоннийдир. Қатьий далилга асосланмаган амални эса фарз даражасига ҳали ҳеч бир уламо кўтаришликка журъат килмаган. Балки, бундай “ихтирочилар” борасида Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг қуйидаги айтган сўзларини келтириш мумкиндир: “Ҳар бир янгилик залолатдир ва ҳар бир залолат дўзахга олиб борур”.
Бугунги кунда “Ҳизб ат-таҳрир” ўзининг сўзини қувватлаш учун юқоридаги ҳадисни келтириши умуман мантиққа тўғри келмайди. Улар ўз партияларининг пайдо бўлишига Қуръондан “Оли Имрон” сураси, 104-оятни далил келтирадилар: “Сизлардан яхшиликка даъват этадиган, амри маъкурф ва наҳйи мункар ишларини олиб борадиган (бир) уммат бўлсин”. Уларнинг даъволарига кўра, гўё “Ҳизб ат-таҳрир” Аллоҳнинг ушбу оятига жавобан вужудга келган. Уламолар “Ҳизб ат-таҳрир”нинг сўзини инкор қилиб, мазкур оятни барча мўътабар ва машҳур тафсир китобларда икки хил маъноси борлигини билдирганлар. Бу ердаги (оятдаги) “сизлардан” сўзидан араб тили қоидаси бўйича икки хил маъно олиш мумкин. Яъни сизлардан бир жамоат чиқиб, яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф, наҳйи мункар ишлари билан шуғуллансин, деб тушуниш мумкин. Бу тафсирга кура, амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланиш фарзи кифоя саналиб, умматнинг ҳаммаси эмас, балки маълум бир қисми, яъни уламолар шуғулланса, шунинг ўзи кифоя қилиб, бошқаларнинг зиммасидан бу вазифа соқит бўлади.
Имом Бағавий (ваф. 1122 .й.) каби уламолар бу оятдан “сизлар ҳаммангиз мазкур ишларни қиладиган уммат бўлингиз”, деган маънони олиш жоиз, деган. Муфассирларнинг кўпчилиги шу иккинчи тафсирни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу иккинчи тафсирга биноан амри маъруф ва наҳйи мункар билан шуғулланишни фарзи айн, яъни ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарз, деб билганлар. Жумладан, Абу Мансур Мотуридий ҳам “Таъвилот аҳли сунна” номли тафсирида, “Оли Имрон” сурасининг 110-ояти, “Моида” сурасининг 79-ояти ва бир неча ҳадислардан далиллар келтириб, амри маъруф, наҳйи мункар ишларини қилиш ҳар бир мусул монга фарзи айн килинган, деб таъкидлаганлар”.
Шарифхон Пайзуллаев,
Наманган шаҳар “Хомиддин қори” жоме
масжиди имом-ноиби