Жамият аъзоларига муносабат

ИСРОФ ҚИЛУВЧИ БАНДАНИ АЛЛОҲ СУЙМАС.

ИСРОФ ҚИЛУВЧИ БАНДАНИ АЛЛОҲ СУЙМАС.

Исроф ўзи қандай амал. Исроф қилувчи бандани аллоҳ яхши кўрмас. Аллоҳ Таоло бизга эслатиб шундай марҳамат қилади. 

Қуръони каримда “исроф” сўзидан ташқари унинг маъносидаги “табзир” сўзининг турланишлари ҳам келган. Масалан: 

وَآتِ ذَا الْقُرْبى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا (26) إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كانُوا إِخْوانَ الشَّياطِينِ وَكانَ الشَّيْطانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا

“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. “Табзир” (исрофгарчилик)ка мутлақо йўл қўйма. Албатта, табзирчилар (исрофчилар) шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро, 26-27). 

“Табзир”нинг исрофдан фарқи шундаки, исроф шариатда буюрилган нафақаларда ҳаддан ошиш бўлса, “табзир” кераксиз ўринда сарф қилишдир. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббарликка йўл қўйманглар” (Абу Довуд ва Насоий ривояти). 

Уламоларнинг айтишларича, исроф фақирликка етаклайди, жаннатдан узоқлаштириб дўзахга яқинлаштиради, Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади. 

Исрофнинг бир қанча турлари бор. Шулардан бири эҳсон ва нафақалардаги исрофдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Фурқон сурасида баён қилган:

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَٰلِكَ قَوَامًا ﴿٦٧﴾

“Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар” (Фурқон, 67).

 Умар ибн Абдулазиз қизи Фотимани узатаётганда Абдумалик ибн Марвон сўради: “Қандай харажат қилмоқчисан?” Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ: “Икки гуноҳнинг ўртасидаги чиройли ҳолатда”, – деб юқоридаги оятни тиловат қилди. 

Ибн Касирнинг тафсирида “Нафақаларини ҳожатдан ташқари исроф қилиб совуриб ҳам юбормайди, ўз аҳлига уларнинг ҳақларини поймол қилиб бахиллик ҳам қилмайди”, дейилган. 

Яна ўша тафсирда Иёс ибн Муъовиядан ривоят қилинади: “Аллоҳнинг амридан чиққани исроф саналади”. 

Бошқалар “Аллоҳга осий бўладиган ишларга нафақа қилишлик исрофдур”, деганлар. 

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган харажатинг, садақа чиқарганинг сен учун бўлур. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидур”. 

Молиявий маблағлар исрофидан ташқари ҳар бир соҳада ҳам исрофлар бўлади. Шулардан машҳурроғи - сувнинг исрофи. Сувнинг исроф бўлиш ҳолатини ҳар жойда кузатиш мумкин. Лекин кўпчилик бунга эътибор бермайди. Ҳолбуки сув – Аллоҳ таоло бандаларга инъом этган неъматларнинг сараларидан эрур. Бу неъматни тежаш керак. Ҳар бир соҳада бўлгани каби сувнинг исрофи ҳам гуноҳ саналади. Ҳаттоки ибодат учун ишлатилганда ҳам исроф қилмаслик керак. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганини кўриб қолдилар.

“Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?” – дедилар. 

“Эй Аллоҳнинг расули, таҳоратда ҳам исроф бўлурми?” – сўради Саъд розияллоҳу анҳу. 

“Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. 

Демак инсон исроф қилувчи бўлмаслиги лозим. Айниқса, бугун дунёда сув муаммолари кўпайиб бораётган даврда сувни тежамкорлик билан фойдаланишимиз керак. 

 

Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон тумани “Хонақоҳ” жоме 
масжиди имом хатиби.

Related posts