Муқаддас динимизда мусулмонлар аввалига Ҳабашистонга, кейинчалик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълумдир. Ва мана шу кейингиси динимиздаги улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган.
Биз мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлганини кўрамиз.
Ҳижрат икки турга: юртни тарк этиш ва гуноҳларни тарк этиш кабиларга бўлинади.
Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айтилади. “.... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ...”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадис ўзидан олдин келган ҳижрат ҳақидаги ҳадисларни бекор (насх) қилувчи эканини уламоларимиз таъкидлаганлар. Бундан маълум бўлишича юртни тарк этиш жиҳоди бекор қилинди.
Ҳадиси шарифда:
اَلْمُسْلِمُ مِنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ، وَالْمُهاجِرُ مَنْ هَجَرَ ما نَهَى اللهُ عَنْهُ
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган кишидир”(Имом Бухорий ривояти) дейилади.
Бошқа бир ҳадисда эса,
عَنْ أُمِّ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْها أَنَّها قَالَتْ: يا رَسُولَ اللهِ أَوْصِني، قَالَ اُهْجُرِي الْمَعاصِيَ فَإنَّها أَفْضَلُ الْهِجْرَةِ، وَحَافِظِي عَلَى الْفَرائِضِ، فَإنَّهُ أَفْضَلُ الْجِهادِ، وَأَكْثِرِي مِنْ ذِكْرِ اللهِ، فَإنَّكَ لَا تَأْتِينَ لِلَّهِ بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ كَثْرَةِ ذِكْرِهِ
“Умму Анас розияллоҳу анҳo Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Табароний, 6735-ҳадис).
Бугунги кунда ҳижратга тарғиб қилишга уринаётган айрим сохта даъватчилар содда мусулмонларни, ёшларни ўз оиласи, ватанини тарк этишга чақириш учун Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларнинг маъноларини ўз манфаатларига мувофиқ талқин қилаётганликларини кўрамиз. Ушбу “сохта даъватчилар” мусулмон фақат юртини ташлаб чиқиб кетса имонли, “ҳижрат” қилмаган киши эса кофир бўлади дейиш даражасига бордилар.
Ақидапарастлар ҳижрат масаласида ушбу оятни далил қилади:
قَالُوۤا۟ أَلَمۡ تَكُنۡ أَرۡضُ ٱللَّهِ وَ ٰسِعَةࣰ فَتُهَاجِرُوا۟ فِیهَاۚ
“Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. (“Нисо” сураси 97-оят).
Ваҳоланки, уламолар мазкур оят аввал исломни қабул қилиб, Маккада яшаб, ҳижрат қилмасдан Бадр жангида (624 й.) маккаликлар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этганлар ҳақида нозил бўлганини таъкидлайдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотдан кейин ислом давлатини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашларига эътироз билдирмаганлар.
Бугунги кунда терорчилик ташкилотларнинг даъватчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангари тайёрловчи марказларга жўнатиш мақсадида дунёвий давлат ва жамиятни динсизликда айблаб, гўёки ҳижратга чиқиш фарз амал экани, бунинг учун ҳеч кимдан, ҳатто, ота-онанинг рухсатини ҳам олиш керак эмас, деган сохта тушунчаларни диндор ёшларга сингдиришга ҳаракат қилаётганликлари, ўрта асрлардаги хорижийларнинг амалидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قالَ: جَاءَ رَجُلٌ إلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: جِئْتُ أُبايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ، وَتَرَكْتُ أَبَوَيَّ يَبْكِيانِ، فَقالَ: «اِرْجِعْ عَلَيْهِما فَأَضْحِكْهُما كَما أَبْكَيْتَهُما
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар. (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Муродулла Аҳмедов,
Наманган тумани “Отавалихон” жоме
масжиди имом хатиби