Таълим тарбия

ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Фарзанд - Аллоҳ таолонинг ота-онага берган улуғ неъматларидан биридир. Бу неъматга шукр килишнинг энг гўзал йўли — уни Ислом тарбияси асосида камолга етказишдир. Аллоҳ таоло Куръони Каримда шундай марҳамат килади:

«Эй мўминлар! Ўзларингизни ва аҳли аёлингизни дўзах оловидан сақланглар...» (Таҳрим сураси, 6-оят)

Имом Табарий бу оятнинг тафсирида: "Уларни Аллоҳга итоат килишга, фарзларни адо этишга, гуноҳлардан сакланишга ўргатинглар", - деган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:

«Ҳар бирингиз масъулсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагиси ҳакида сўраласиз. Ота ўз оиласига масъул ва қўл остидагилар ҳакида сўралади».

(Бухорий ва Муслим ривояти)

Демак, фарзанд тарбияси - ҳар бир мусулмон ота-онанинг зиммасидаги шаръий бурчдир. Бу тарбия, аввало, ақидавий асосларда бўлиши, болага тавҳид, иймон, намоз, ҳалол-ҳаром тушунчалари уй шароитида ўргатилиши лозим.

Фарзандга яхши тарбия бериш ҳакида Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) шундай деган:

«Фарзандингга илм ва одобни ўргатинг. Бу унинг ҳаққидир».

Замонавий тарбия усуллари Исломий тарбиядан узо қ лашмаслиги керак. Балки улар Ислом меъёрларига уйғунлаштирилиб, фарзанд калбида Аллоҳ муҳаббати, Пайғамбар муҳаббати, илмга иштиёқ уйғотилиши лозим.

Аллоҳ таоло шундай дуони Куръонда зикр этади:

«Эй Роббим, бизга жуфтларимиз ва авлодларимизни кўз кувончи килгин ва бизни такводорларга имом қилгин!»

(Фурқон сураси, 74-оят)

Ушбу дуо ҳар бир мусулмон ота-онанинг кундалик ибодатига айланиши керак. Уни яхши тарбия килган киши икки дунё саодатига эришади.

Ислом фарзанд тарбиясига улкан аҳамият беради. Бу вазифа муҳаббат, сабр, доимий дуо ва ибратли амал орқали амалга ошади. Бундай тарбия берилган фарзандлар, шубҳасиз, умматнинг фахри бўлади.

 

Раҳматилло Болтабоев, 
Косонсой туман “Аббосхон қози” жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts