Қуйидаги байтларни Ибн Асокир ўзининг Тарихи Дамашқ асарида ривоят қилади. У ерда бу шеър Ал-Музани орқали Имом Шофиъийга нисбат берилади.
لا تَأسَ في الدُّنيا على فائتٍ
وعندكَ الإسلامُ والعافية
إنْ فاتَ شيءٌ كنتَ تدعو له
ففيهما من فائتٍ كافية
Маъноси:
Дунёда қўлдан кетган нарсага ачинма,
Ахир сенда Ислом ва офият (соғлик, тинчлик) бор-ку.
Агар сен илгари сўраб юрган бир нарса қўлдан кетса,
Шуни билки, Ислом ва офият — йўқотилган нарсаларнинг ўрнини тўлдиришга кифоя қилади.
Инсон қалби дунёга мойил яратилган. У йўқотса — куйинади, топса — қувонади. Аммо мўмин қалб учун мезон дунё эмас, иймондир. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, агар инсонда Ислом ва офият бўлса, бошқа йўқотишлар унинг ҳаётини вайрон қила олмайди.
Бу маъно Қуръони карим оятларида ҳам теран ифодасини топган.
Энг улуғ неъмат — Ислом
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Бугун динингизни сизлар учун мукаммал қилдим, неъматимни тўлдирдим ва сизлар учун Исломни дин қилиб рози бўлдим." (Моида сураси, 3-оят)
Бу оят Исломнинг ўзи энг буюк неъмат эканини очиқ билдиради. Агар инсон шу неъматга эга бўлса, у ҳақиқий бойлик эгасидир.
Яна бир оятда: "Агар Аллоҳнинг неъматини санамоқчи бўлсангиз, санай олмайсиз." (Иброҳим сураси, 34-оят)
Тафсир уламолари бу оятдаги энг катта неъмат — ҳидоят неъмати эканини таъкидлайдилар.
Қалб таскини — Аллоҳни зикр қилишда
Аллоҳ таоло айтади: "Огоҳ бўлингиз! Қалблар фақат Аллоҳни зикр қилиш билан ором топади." (Раъд сураси, 28-оят)
Демак, инсон йўқотган нарсаси билан эмас, Роббига боғланиши билан тинчлик топади. Агар қалб Исломда собит бўлса, дунёвий зарба уни синдиролмайди.
Офият — энг афзал сўраладиган неъмат
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Аллоҳдан афв ва офият сўранг. Чунки иймондан кейин ҳеч кимга офиятдан кўра яхшироқ нарса берилмаган."
Бу ҳадисни Абу Бакр ривоят қилган, ва у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дан нақл қилинади (Термизий ривояти).
Бу ҳадис Имом Шофиъий байтларининг маъносини тасдиқлайди: иймондан кейинги энг катта неъмат — офиятдир. Соғлик, тинчлик, хавфсизлик — буларсиз дунё лаззати тотли эмас.
Йўқотиш — синов, лекин ҳалокат эмас
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мўминнинг иши ажабланарлидир. Унинг ҳар бир иши яхшиликдир. Агар унга қувонч етса — шукр қилади, бу унга яхшилик. Агар мусибат етса — сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик."
Бу ҳадисни Суҳайб ар-Руми ривоят қилган ва у Саҳиҳ Муслимда келтирилган.
Демак, мўмин учун йўқотиш ҳам фойдасиз эмас. Агар у сабр қилса, бу йўқотиш охират фойдасига айланади.
Ҳақиқий бойлик нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бойлик молнинг кўплиги билан эмас, балки қалб бойлиги биландир."
Бу ҳадисни Абу Ҳурайра ривоят қилган ва у Саҳиҳ ал-Бухорий ҳамда Саҳиҳ Муслимда келган.
Қалб бойлиги эса — иймон, қаноат ва офиятдир.
Хулоса
Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳнинг ҳикматли сатрлари Қуръон ва суннат руҳидан озиқланган. У бизга шуни ўргатади:
Йўқотилган нарсага эмас, қўлдаги неъматга қараш керак.
Энг катта неъмат — Ислом.
Иймондан кейинги энг катта неъмат — офият.
Мўмин учун ҳар бир ҳолат — фойда.
Агар инсонда иймон собит бўлса ва офият мавжуд бўлса, у ҳақиқий бахт эгасидир. Дунё ўткинчи, лекин Ислом ва қалбдаги хотиржамлик — абадий нажот йўлидир.
Ғуломжон Каримов,
Тўрақўрғон туман "Камолхон эшон бува"
жоме масжид имом ноиби