Қуръон ота-боболарга, бошлиқларга ва йўл-бошчиларга кўр-кўрона тақлид килишдан қайтариш билан бирга, фақат бир тарафлама фикрлашдан ҳам қайтаради ва бирор нарса қилмоқчи бўлса, ўша нарсанинг яхшисини танлаб олишга чақиради. Чунки, кўпгина кишилар бирор нарсани бир марта эшитса ёки ўқиса, шунга ишониб кетаверадилар. Лекин ўша нарсани чуқурроқ ўйлаб, яхши тарафини танлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу ҳақиқатга Қуръон бундан 15 аср аввал чақирган:
«Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир» («Зумар» сураси, 18-оят).
Мана шу оятда Аллоҳ мусулмонларни барча гапларни эшитиб, тушуниб, сўнгра яхшиларига эргашишга буюради. Аллоҳ шундай қилган инсонни «ҳидоятга эришганлар» ва «ўткир ақл эгалари» деб атайди.
Шу билан бирга, Ислом яхшиликни таърифлаб ҳам беради ва унга амал қилишга чақиради. Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида ихтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида ихтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади. Яхшилик маъносига ўзича таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Ислом динида яхшилик — Аллоҳ яхши деган нарсалардир. Уларнинг нима эканини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги ояти каримада тўлиқ таърифлаб берган: «Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтириш ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга бериш, намозни қоим қилиш ва закот беришдир. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчилар, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир» (177-оят).
Ояти каримада кўриниб турибдики, яхшилик маълум бир ҳаракат ёки гап-сўзларни ўзича қилиш ва айтиш билан бўлиб қолмаслигини таъкидламокда
Иймон келтириш яхшиликнинг боши ва асосидир. Бусиз, яъни иймонсиз ҳеч қандай яхшилик бўлиши мумкин эмас. Асл иймони бор инсон бузғунчилик, терорчилик, фитнакорликга ружу қилмайди. Чунки, кимнинг Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, Пайғамбарларга иймони йўқ бўлса, ундан яхшилик чиқмайди. Чиқса ҳам, доимий бўлмайди.
Иймони бор инсон яхши кўрган молидан қариндош-уруғларга; боқувчисидан ажраб қолган етимларга, яъни боқувчисиз қолган, балоғат ёшига етмаган ёш болаларга, мискинларга, яъни еб-ичиш ва яшаш учун етарли маблағи, даромади йўқ кишиларга; ватангадоларга, яъни, ватанидан узокда нафақасиз қолган одамларга, тиланчиларга, яъни, ўзида яшаш учун моддий имконияти йўқлигидан мажбур бўлиб бошқалардан моддий ёрдам сўраганларга, қул озод қилишга, яъни, хўжаси билан маълум микдор маблағ эвазига озодликка чиқишни келишиб қўйган қулларга бериш. Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Бу, юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина мазкур тоифадаги кишиларга холис ёрдам беради. Бу ишни қилган инсон ҳақиқий яхшиликни қилган бўлади.
Фарз намозларни ўз вақтида, рукуъ, сажда ва бошқа арконларини жойига қўйиб, хушуъ-хузуъ билан яхшилаб ўқиш. Намозда инсон ҳам сирти, ҳам ичи буткул борлиғи билан Аллоҳга юзланади. Унда инсоннинг жисми ҳам, ақли ҳам, руҳи ҳам ҳаракатга келади.
Мусулмонларнинг бой-бадавлатлари молларидан маълум миқдорини ҳақдор биродарларига молиявий ибодат сифатида берадилар. Бу иш мол эгасига Аллоҳ томонидан фарз қилинган. Шу фарзни адо этадиган одам яхшилик қилувчидир.
Ахдига вафодорлик мусулмонликнинг, иймоннинг кўзга кўринган белгиларидан бўлиб, Қуръони каримда қайта-қайта такрорлангандир. Ким ахдига вафо қилса, Аллоҳ таърифлаган яхшиликдан насибадор бўлган бўлади.
Сабрлилик ҳам иймонли, мусулмон кишиларнинг алоҳида олий ва зарурий сифатларидан ҳисобланади. У ҳакда аввалги оятлар тафсирида батафсил сўз юритилди. Демак, турли қийин ҳолатларда сабр қилувчилар Аллоҳ таърифлаган яхшилик соҳибларидан бўлар экан.
Оятнинг охирида мазкур олиймақом сифатларга эга бўлганларни:
«Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир», деб таърифланмоқда.
Мазкур ояти каримада кўриниб турибдики ислом дини нафақат иусулмон балки жами инсониятни яхшилик қилишликка ва фитна фасод, терор, ва ёмонликдан қайтаради.
Сўфи Олоёр ҳазратлари айтадилаоки;
Отанг ердур сан ҳам ердек қилиқ қил,
Ёмонлик айлаганга яхшилик қил.
Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби