Таълим тарбия

ИСЛОМ ДИНИ ИНСОННИ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ

ИСЛОМ ДИНИ ИНСОННИ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ

   Ислом дини инсонни гўзал ахлоққа чорлайди. Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ўз умматларини доимо ҳусни хулққа, хушмуомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айбу нуқсонларини ва саҳву хатоларини кечиришга ва шу каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чорлаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:  “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам, 4). 

   Динимиздаги барча ибодатларнинг негизи ва моҳиятида гўзал  ахлоқ ётади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин: “Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур” (Анкабут, 45). 

   Шу каби рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг мукаммал ва Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳам гўзал ахлоқ асосий ўрин тутади. Зеро, имон барча гўзал ахлоқларни ўзида мужассам этади. Мусулмон кишининг гўзал  ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва  имонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:  “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир” , (Имом Термизий ривояти). 

    Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар (хотин, бола ва қўл остидаги ходимлар)га чиройли муомалада бўлиш  энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади.

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтадилар:    “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир”  (Имом Термизий ривояти).

   Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки  унинг эгасидан доимо яхшилик кутилади.  Яна бир ҳадисда шундай келади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни жаннатга киришларига кўпроқ сабаб бўладиган нарса ҳақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқли бўлиш” - деб жавоб бердилар, (Имом Термизий  ривояти).

   Инсон чиройли хулқи сабаб охиратда улуғ даражаларга эришиши ҳадиси шарифларда зикр қилинади: Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:  “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби, гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални бузади”  (Имом Табароний ривояти).

   Ибни Абу Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади  Набий алайҳиссалом: “Сизларни дунё ва охират аҳлининг энг яхши хулқларига далолат қилайми”?  - деб “Сендан алоқани узган(қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғинг” дедилар, (Имом Байҳақий ривояти). 

    Демак, гўзал хулқли киши, таъна қилиш, лаънатлаш, фаҳш сўзларни гапириш, уятсиз гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар каби ёмон хулқлардан тийилиши лозимдир.

   Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқни: “Очиқ юзлилик, яхшилик қилиш ва азият беришдан тийилиш” дея таърифлаганлар.

  Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”.     

   Юқоридаги ҳадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса шуки, инсон чиройли хулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси ва Расуллуллоҳнинг асосий  ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.

  Аллоҳ таоло барчамизни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал  хулқларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилиб яшаш бахтига муваффақ айласин !  

 

Анвархон Акрамов,  

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”   

жоме масжиди имом-ноиби  

Related posts