Жамият аъзоларига муносабат

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИТНАЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИТНАЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК!

Жамиятимиз ҳаёти, айниқса инсонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда. 

Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири ҳисобланади.   Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.Шунинг учун ҳам халқимиз, хусусан ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг ана шундай хатарларидан энг асосийларини санаб ўтамиз:  

Ёлғон ва асоссиз хабарларнинг тарқалиши ва Фитналар уюштириш макони” экани:      Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).   

Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. 

Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.  

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” деб марҳамат қилади. (Бақара сураси 217-оят)   Ҳаммамиз ҳам янгиликлардан хабардор бўлиш, дунёқарашимизни ўстириш мақсадида интернет тармоқларига мурожаат қиламиз. Муҳими – улардан оқилона фойдалансак, хусусан ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия топишида, турли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмасликларига хушёр бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлади.  Аллоҳ таоло юртимизни турли хил фитна-фасодлардан паноҳида сақласин... 

Зокиржон Ғаппоров,

Косонсой тумани “Абдулҳайхон”  жоме  
масжиди имом-ноиби

Related posts