Илм — инсониятни жаҳолат қаъридан ёруғликка, нодонлик зулуматидан маърифат зиёсига олиб чиқувчи буюк машъалдир. Ислом дини илм олишга алоҳида эътибор қаратиб, уни инсон камолоти ва нажот топишнинг муҳим йўли сифатида улуғлаган.
Кунлик ҳаётимизда ва охиратда саодатга эришиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаш айнан илм ва маърифатга боғлиқ. Илм инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, тўғри билан нотўғрини ажрата билишга ва ҳаётда оқилона қарор қабул қилишга ёрдам беради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм эгаларини юқори даражаларга кўтаришини таъкидлаб, шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур...» (Мужодала сураси, 11-оят)
Бошқа бир оятда эса илмли ва илмсиз инсонлар ҳеч қачон тенг бўлолмаслиги очиқ-ойдин баён этилган: «Айтгин: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят)
Илм — жаннатга элтувчи йўл
Ҳадиси шарифларда илм ва нажот ўртасидаги боғлиқлик алоҳида таъкидланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш йўлини Жаннатга олиб борувчи йўл деб атаганлар: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ таоло унга Жаннат йўлини енгиллаштириб қўяди». (Имом Муслим ривояти)
Шунингдек: «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир». (Имом Ибн Можа ривояти)
Инсон вафот этганидан кейин ҳам унга савоб ёзилиб туришига сабаб бўлувчи амаллардан бири — ортидан қолдирган фойдали илмдир. Демак, илм нафақат инсоннинг ўз ҳаётига, балки келажак авлодларга ҳам манфаат келтирувчи буюк бойликдир.
Илмнинг мол-дунёдан устунлиги
Ибратли ривоятда Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан илм ва мол-дўнёнинг фарқи ҳақида сўрашганда, у киши шундай пурмаъно жавоб берганлари келтирилади:
«Илм бойликдан афзалдир. Чунки илм сени ҳимоя қилади, бойликни эса сен ҳимоя қилишинг керак бўлади. Илм ишлатилгани сари кўпаяди, бойлик эса сарфлангани сари камаяди».
Бу фикр илмнинг нақадар буюк ва туганмас бойлик эканини яққол кўрсатади. Илм инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади ва уни бошқаларга ўргатган сари фойдаси янада ортади.
Бугунги замон илм ва технология замонидир. Шунинг учун ҳар бир инсон фойдали илм ўрганишга, китоб мутолаа қилишга ва олган билимларини эзгу ишларга сарфлашга интилмоғи лозим.
Илм — икки дунё саодатининг калитидир. Жаҳолатдан қутулиш, тўғри йўлни топиш ва тараққиётга эришишнинг энг муҳим йўли илм-маърифат ўрганиш ва унга амал қилишдадир.
Ҳабибулло Муминжонов,
Косонсой тумани “Исломхон” жоме
масжиди имом-хатиби