Таълим тарбия

ЯХШИЛИКНИНГ ЭНГ УЛУҒИ

ЯХШИЛИКНИНГ ЭНГ УЛУҒИ

Ислом яхшилик динидир. Яхшиликнинг энг улуғи эса ота-онага яхшилик қилишдир. Дарҳақиқат, Ислом дини ота-онага яхшилик қилишга қаттиқ қизиқтирган ва Аллоҳга итоат қилиш билан ота-онага итоат қилишни ёнма-ён келтирган ва фарз намозидан кейинги яхшиликларнинг энг улуғи ҳамда амалларнинг энг афзали ота-онага яхшилик қилиш дея эълон қилган. 

Бу тўғрисида  Аллоҳ таоло биз бандалар га эслатиб Қуръони Каримда (Исро сураси, 23-оят). да  ота-оналаримизга яхшилик қилишга буюр иб  шундай марҳамат қилган:  

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!»  «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва: «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», – деб айт»   

  И слом шариати ота-оналар зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони карим, суннати набавия ва ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Фарзандлар зиммасида ота-онага бўлган бир қанча бурчлари бор. 

Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда тадбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлари, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлари Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган. 

Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир, фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин, юқоридаги ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши, қари бир одам билан келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

Эй фалончи! сен билан бирга келган бу киши ким? – деди. У: 

Отам, — деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Унинг олдидан юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳеч ҳам ҳақорат қилма”, — дедилар. 

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага ҳар доим эътибор билан қараб, ҳатто юришидан тортиб, ўтириб туришларида ҳам уларга дилхиралик қилмасликка даъват қилган. 

Бу ҳадисдан бизга маълум бўладики, бизнинг ҳаёти дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, уларга хизмат қилиб дуоларини олишимиз керак экан. Чунки, ота-онанинг хизмати барча эзгу амаллардан, қолаверса, ўзи униб-ўсган диёридан бошқа жойга мол-дунё ва аҳли-оиласини ташлаб ҳижрат қилишдек, ҳамда мушриклар томонидан эзилаётган мўминларга ёрдам бериш савобидан кўра шарафли амал эканлиги кўриниб турибди. 

Саҳобалардан бўлган Молик ибн Робиа ҳикоя қилади: 

Кунлардан бир кун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида эдик, Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва 

— “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам вафотларидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган бирон яхшилик борми?” — деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ҳа”, — деб айтдилар: “Улар учун дуо ва истиғфор айтмоқ, васиятларини ўрнига қўймоқ, дўстларига иззат-икром кўрсатмоқ ва қариндошлар билан қариндошлик ришталарини узмаслик”. Кишининг, отаси ўлгандан кейин, унинг дўстлари ва севганларига яхшилик қилиш ҳам отасига яхшилик қилиш жумласидандир.  

Хулоса қилиб айтганда, шуни таъкидлаш керакки   муқаддас димизда энг савобли ишлардан бири ота онага яхшилик қилишлик экан.Уларни рози қилишда ҳам фарзанд камолоти учун кўпгина фойдалар ва фазилатлар бор дир ва   ҳар қандай ишда уларнинг розиликларини олишни асосий мақсад деб билиш, ўз манфаатларидан уларнинг хоҳиш-истакларини устун деб билиш лозим. Уларнинг вафотидан сўнг ўзи учун дуо қилмоқчи бўлган пайтда, албатта, ота-онасининг ҳақига, уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилиш фарзандларнинг бўйнидаги ҳақлардан ҳисобланади. 

 

Аброрхўжа Рашидов, 
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме  
масжиди имом-хатиби  

Related posts