Жамият аъзоларига муносабат

ҒИЙБАТ ГУНОҲИ КАБИРА

ҒИЙБАТ ГУНОҲИ КАБИРА

Ғийбат гуноҳи кабира – катта гуноҳ эканлигини барча яхши билади. Бироқ, ғийбат эканини билиб турса ҳам, ғийбат қилаверадиганлар, унга бажонидил қулоқ соладиганлар ҳамма ерда топилади. Ғийбатнинг ўзи нима ва унинг қандай ҳукмлари бор? Биз қуйида шу масалага қисқача тўхталмоқчимиз. Аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан бошласак:

عن أبي هريرة رضى الله عنه قال قيل يا رسول الله ما الغيبة قال ذكرك أخاك بما يكره قال أرأيت إن كان فيه ما أقول قال إن كان فيه ما تقول فقد اغتبته و إن لم يكن فيه ما تقول فقد بهته

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ғийбат нима?”, дейилди. У зот: “Биродарингни у ёқтирмайдиган нарсаси билан эсламоғинг”, дедилар. “Нима дейсиз, агар унда мен айтаётган нарса бўлса-чи?” деди. У зот: “Агар унда сен айтаётган нарса бўлса, демак, сен уни ғийбат қилибсан. Борди-ю унда сен айтган нарса бўлмаса, у ҳолда, сен унга бўҳтон қилибсан”, дедилар (Термизий, 3/1934).

Шарҳ. Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғийбатнинг таърифини айтиб бердилар. “Ғийбат нима?” деб сўралганида, “Биродарингни у ёқтирмайдиган нарсаси билан эсламоғинг”, дедилар. Эслаш сўз билан бўладими, кўз билан ишора қилиш орқали бўладими, орқасидан ёзиб-чизиш билан бўладими, қисқаси, ҳар қандай ҳолатда бўлса-да, биродарининг ортидан хатти-ҳаракат қилинадиган бўлса, у ғийбат дейилар экан. Маълумки, у ниҳоятда ёмон нарса. Унинг қабоҳати ва ёмонлигини Парвардигори олам Қуръони каримда хос бир йўсинда баён қилиб берган: “…Ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 12-оят). Бу оятда ғийбат қилган киши тавба қилиши лозимлигига ҳам ишора қилинган.

Ғийбат қилинган одамнинг гўштини ейиш билан тенглаштирилган бу гуноҳ оддий одамларда, қўни-қўшнилар, ёру дўстлар, ён-атрофимиздаги одамлар тўғрисида бўлса, шундай. Демак, ғийбат бировнинг гўштини ейиш билан баробар! Агар ғийбат қилинаётган одам аҳли суннат ва жамоатнинг олими бўлса, у ҳолда унинг ғийбати заҳарли гўшт ейиш билан баробардир! Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг: لحوم العلماء مسمومة – “Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!”, деган гаплари жуда кўплаб манбаларда такрор-такрор келтирилади. Яъни, оддий одамларни ғийбат қилган инсон гуноҳи кабира орттиради, бу гуноҳининг жазосини охиратда албатта тотади. Бироқ, уламоларни ғийбат қилган кимса заҳарли гўштни еган одамдек ўлмасдан қолмайди, балога гирифтор бўлмасдан қолмайди, бу дунёда ҳам жазосини олмасдан қолмайди. Охиратда эса унинг жазоси янада оғирроқ бўлади.

Мусулмонлар ихтиёрий равишда ғийбатни эшитишдан ҳам қайтарилган. Ҳозирги кунга келиб суҳбатнинг зийнати ғийбат бўлиб қолган. Агар киши бирор мажлисда ўтирганида ўша ерда ғийбат қилинса ва у еран чиқиб кетишнинг имкони бўлмаса, қулоғига кирган ғийбат учун гунҳкор бўлмайди. Аммо, мажбур бўлмай туриб, ғийбатга қулоқ тутиш мумкин эмас.

Ғийбат ёмон амал экани, ғийбат қилиш биродарини гўштини ейиш билан баробар экани оятда айтилган.

Хуллас, ғийбат катта гуноҳ бўлиб, ундан сақланишимиз керак. Омма ўртасида гуноҳ саналмай қўйган иллатлардан бири бу. Давраларда ғийбат бошланиши биланоқ, уни тўхтатишга ҳаракат қилмоқ лозим. “Бу ғийбат эмасми? Ғийбат бўлаяпти-ю!”, деб эслатиб қўйилса, ғийбатга киришувчи дарҳол ўзини тийишга ҳаракат қилиб қолади. Зотан, бир мусулмоннинг обрўсини ҳимоя қилишнинг савоби беҳад юксакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай башорат берганлар: “Кимки биродарининг обрўсидан бир ёмонликни даф қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг юзидан жаҳаннамни рад қилади” (Термизий, 3/1931).

Шундай экан, ғийбатдан сақланинг.

 

Исмоил Абдураҳманов 

Наманган шахар "Шодибек" жоме 
масжиди имом ноиби.

Related posts